Жаҳон | 13:01 / 15.02.2022
14763
2 дақиқада ўқилади

Давлат департаменти америкаликларни Беларусь ва Днестрбўйидан кетишга чақирди

АҚШ Давлат департаменти мамлакат фуқароларига Беларусь ва тан олинмаган Днестрбўйи республикасини зудлик билан тижорий рейслар ёки хусусий самолёт орқали тарк этишни тавсия қилди.

Идора «маҳаллий қонунларни бажаришдаги ўзбошимчалик, ҳибсга олиниш хавфи, Россиянинг Беларусь-Украина чегарасидаги ноодатий ва хавотирли тарзда куч тўплаши, шунингдек COVID-19 ва у билан боғлиқ кириш чекловлари» туфайли Беларусга бормасликни тавсия этган. Хабарда 31 январь куни Давлат департаменти Минскдаги элчихона ходимларининг оила аъзоларини олиб кетиш бўйича кўрсатма бергани эслатиб ўтилган.

Давлат департаменти «COVID-19, Россиянинг Украина атрофидаги ноодатий ва хавотирли ҳарбий фаоллиги, Днестрбўйидаги алоҳида ҳудуд ва марказий ҳукумат ўртасидаги ҳал қилинмаган можаро» туфайли Молдовага бормасликни тавсия этган. Давлат департаменти Днестрбўйидаги америкаликларни зудлик билан у ерни тарк этишга чақирган.

11 февраль куни АҚШ ҳукумати Россия «исталган вақтда» жумладан, 20 февраль куни якунланадиган қишки Олимпия ўйинлари вақтида ҳам Украинага бостириб кириши мумкинлигидан огоҳлантирганди. ОАВ хабарига кўра, АҚШ иттифоқчи давлатларни, ҳужум 16 февраль кунига кутилаётганини хабардор қилган, аммо Оқ уй расмийси ҳужум санасини олдиндан айтиб бўлмаслигини билдирган. Россия эса Украинага бостириб кириш нияти йўқлигини маълум қилган.

АҚШ бир неча бор америкаликларни Украинадан кетишга чақирди. 11 февраль кунидан кейин яна 30дан ортиқ давлатлар ўз фуқароларига бу давлатни тарк этиш ёки бу давлатга сафар қилишдан тийилишни тавсия қилган.

Мавзуга оид