13-14 феврал кунлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Космонавтлар майдонида космонавт Владимир Жонибеков бюсти атрофидаги гранит плиталари кўчириб ташланган. «Газета.uz» сайтида бу ҳолат ҳақидаги фотосуратлар эълон қилингач, Тошкент шаҳар Маданий мерос агентлиги ҳудуднинг демонтаж ишлари рухсатсиз бошланганини маълум қилди.

«1984 йилда очилган «Коинот» ёдгорлиги (расмий номи) монументал санъат ёдгорликлари рўйхатига киритилган ва (Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан) давлат муҳофазасига олинган.

Қонунчиликка мувофиқ, маданий ва моддий мерос объектларида қурилиш, таъмирлаш ва реставрация ишларини фақат Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши тасдиқлаганидан кейин амалга оширишга рухсат берилади. Юқоридаги ҳолатда эса демонтаж ишларига бу каби рухсат олинмаган.

Маданий мерос агентлиги ходимлари ҳодиса жойига боргач, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан объект атрофига ётқизилган мармар (брусчаткалар)ни алмаштириш режалаштирилганини аниқлади. Ёдгорлик бузилмаган, реконструкция қилаётган Mimar Group’га эса огоҳлантириш берилган. Иш тўхтатилди», дейилади бошқарма баёнотида.

Лекин майдондаги гранит плиталарни кўчириб ташлаш давом эттирилган.

Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфиддинов лойиҳа ҳақида олдидан хабар берилмаганини ишларни шошилинч бошлашга тўғри келгани ва бу «шанба ва якшанба кунлари тўғри келиб қолгани» билан изоҳлаган.

У журналистлар билан мулоқотда ҳокимият «яхши мақсадларни кўзлагани» ҳақида гапирди. Кейинроқ Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам бу иш аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қилинаётганини таъкидлади.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

15 феврал куни Kun.uz мухбири монументал санъат ёдгорликлари  рўйхатига киритилган ушбу ёдгорлик атрофидаги ҳолатни ўрганиш мақсадида мажмуа ҳудудида бўлди.