Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда ИИБ ходимлари олиб кетган фуқаро касалхонада вафот этди. Ҳолатни прокуратура текширмоқда
Қашқадарё вилояти Миришкор туманида ИИБ ходимлари олиб кетган фуқаро эртаси куни касалхонада вафот этган. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Фото: stock.adobe.com
ИИВ матбуот котибининг хабар беришича, 2022 йил 11 февраль куни соат 20:30да Миришкор тумани Маданият маҳалласида яшовчи фуқаро А.К. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, туманнинг Чандир қишлоғида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро С.Х. кўчада маст ҳолатда қўни-қўшнилар билан жанжаллашиб, уларнинг тинчлигини бузаётганини маълум қилган.
Мурожаат юзасидан воқеа жойига етиб борган профилактика инспекторлари ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириб, маст ҳолатда бўлган, соғлиқни сақлаш органларида спиртли ичимликларга ружу қўйган шахс сифатида ҳисобда турувчи фуқаро С.Х.ни республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти минтақавий филиалига жойлаштирган.
Бемор С.Х. шифокорлар кўригидан ўтказилиб, стационар даволанишга ётқизилган. Соат 23:40да бемор С.Х.нинг соғлиғи ёмонлашгач, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё вилояти филиалига етказилган.
Касалхонада бемор С.Х.га шифокорлар томонидан бирламчи тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, 12 февраль куни соат 01:30да «Алкоголдан ўткир заҳарланиш оғир даражаси, аспирацион синдром, алкоголь комаси ўткир нафас етишмовчилиги II-III даражаси, ўткир юрак қон томир етишмовчилиги II даража» ташхиси билан вафот этган.
«Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олинган ва ўрганиш натижасига кўра, марҳум С.Х.нинг танасида тан жароҳати ва бошқа жисмоний куч ишлатиш билан боғлиқ белгилар аниқланмаган» дейилади, ИИВ матбуот котиби хабарида.
Қашқадарё вилояти прокуратурасининг маълумотида эса ўрганиш натижалари ҳали очиқланмаган. Унда ёзилишича, Миришкор тумани “Чандир” МФЙда яшовчи фуқаро С.Х.нинг Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам маркази Қашқадарё филиалида вафот этгани ҳолати юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, терговга қадар текширув ҳаракатлари юзасидан вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.
Аввалроқ, 2021 йил 10 июл куни Денов туманида ИИБ ходимлари томонидан ички ишлар бўлимига олиб борилган фуқаро вафот этган ва унга йўлда участка инспектори ёрдамчилари тан жароҳати етказгани аниқланганди.
Шунингдек, 2020 йил 23 январ куни Чироқчи туманида мол ўғирлаганликда гумонланиб туман ИИБга олиб борилган фуқаро калтакланиши ортидан вафот этганди.
Бундан ташқари, 2020 йил 30 май куни Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани ортидан оғир тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган ва 11 июнь куни вафот этганди.
Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқароларга куч ишлатилиши оқибатида ўлим ҳолатлари рўй бериши яқин ўтмишда ҳам бир неча марта кузатилган. 2020 йил январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи А.Ю. мол ўғирлаганликда гумон қилиниб туман ИИО ФМБга олиб борилади ва ўша ерда ходимлар томонидан қийнаб ўлдирилганди. Бу ҳодиса юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов «ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас»лигини айтганди.