Давлат раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи арафасида бир гуруҳ журналистлар Нукус “Мурувват” аёллар интернат уйида бўлдик.Ўз муаммоларимиз нақадар майда эканлиги, шукронамиз ўта юзакилиги, бундай масканлар ишчилари матонати олдида бизнинг иродамиз қанчалар заифлигини англаб етдик. Жуда кўпчилик йиғлади ҳам. Умуман, бугун ҳаётдан нолиётганлар мана шундай муассасаларга келиб туришлари лозим экан. Чунки руҳий муаммолар ва жисмоний ногиронликка дуч келганлар бу маскандан қўним топишган.

Жамият муносабати

Афсуски ақлий ва руҳий муаммоларга дуч келган, жисмоний имкониятлари чекланган аёлларга муносабат кўнгилдагидек деб бўлмайди. Оилалар бу муаммони яширишга, хаспўшлашга уринишади, беморни даволатишдан қочишади, бундай инсонлар одатда узлатга маҳкум қилинади. Касаллик зўраяди, зарур ёрдамни олмаган бемор азобларга дучор бўлади, уни яшириб, парваришлаган яқини ҳам беқиёс қийинчиликларни зиммасига олишга мажбур этилади. Бу эса оиланинг соғлом вакиллари ҳам омма олдида бош эгиб яшашига замин яратади.

Даҳшатли факт: Ўтмишда жуда кўпчилик давлатларда бундай ногиронлар кўр-кўрона нобуд қилинган. Афсуски бундай шафқатсиз йўл тутаётганлар ҳозир ҳам учрайди.

Давлат зиммасидаги вазифа

Ҳар қандай давлатнинг кучи, салоҳияти ёрдамга энг муҳтож тоифадаги инсонларга кўмак беришда кўринади. Шундай беморлар борки даволанмайди, бутун умр ўзгалар кўмагига муҳтож. Айниқса у бемор аёл киши бўлса ва жисмоний муаммолар қаторида ақлий заифликдан азият чекса, ҳар қандай оила учун тортиб бўлмас юкка айланади.

Мана шу нуқтада давлат ўз вазифасини бажариши лозим. Зеро бундай беморлар жамланган ҳолда ва профессионал ходимлар томонидан парваришланиши керак.

Нукус “Мурувват” аёллар интернат уйида 250 нафар аёл доимий асосда яшайди. Уларнинг ҳар бирининг ўзига хос тақдири борки, асарлар битса арзийди. Бу ердаги беморлар одатда жуда абгор ҳолатда етиб келган бўлсалар, кўпчилиги ўз уйларида ҳам кўрмаган парваришга эришадилар, зарур муолажалар қилинади, егуликлар билан таъминланади, тоза либослар берилади ва ўзлари ҳам санитар гигиеник жиҳатдан қониқарли аҳволда сақланадилар.

Аҳволи ҳар қанча оғир бўлмасин имконияти юзага чиқарилади

“Мурувват” уйида жуда мураккаб беморларни учратдик. Лекин ҳар қанча оғир ҳолатда бўлмасин, ходимлар уларни нима биландир банд қилишга уринишади. Айниқса уларнинг қўл меҳнатлари натижаси бўлган суратлар, буюмлар билан бутун бино безатиб чиқилгани қизиқарли. Бу ўзига хос асарлар шу қадар нафиски, уларни уста санъаткорлар яратган деган фикр ҳам туғилади. Аммо аёллар кўз ўнгимизда тикаётган кашталар, чизаётган суратларини кўриб, ҳаммаси ҳақиқийлигига амин бўлдик. Дарвоқе, бу ерда беморлар томонидан яратилаётган санъат асарлари сотувга чиқарилиши, имкони борлар харид қилишлари жуда мақсадга мувофиқ. Чунки бундай харидлар муассаса учун ўзига хос қўллаб-қувватлаш бўлиши мумкин.