Ўзбекистон | 18:31 / 28.02.2022
17159
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда таниқли спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдирилишига алоқадор шахслардан бири Қозоғистондан ушлаб келингани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда қашқадарёлик таниқли спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдирилишига алоқадор шахс Қозоғистондан ушлаб келингани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz вилоят ИИБ ахборот хизматидан хабар юзасидан изоҳ олди.

Фото: Вилоят ИИБ ахборот хизмати

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми, 127-моддаси 3-қисми, 277-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилгани учун Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан қидирувда бўлган, Қарши шаҳар «Қарши» МФЙда яшовчи Ш.Б. ИИВ ЖҚББ ходимлари томонидан Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳри ҳудудидан ушланган.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати мазкур шахснинг Элбек Раҳимов ўлими бўйича айбланаётганини рад этмади ва ҳозирда вилоят прокуратураси терговчилари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Маълумот учун, 2021 йил 17 август куни Қарши шаҳрида спорт мураббийи Элбек Раҳимовни бир гуруҳ шахслар одамлар кўз ўнгида калтаклаб, машинага солиб олиб кетишган. Кейинроқ мураббийнинг жасади топилган. 7 нафар гумондорга қарши жиноий иш очилган, 6 киши ушланган.

2022 йил 6 январ куни Элбек Раҳимовнинг ўлдирилгани юзасидан суд бошланган. Мазкур жиноят иши бўйича жами 26 нафар шахсга айблов эълон қилинган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид