Ўзбекистон | 14:43 / 01.03.2022
57390
2 дақиқада ўқилади

Турсинхон Худайбергенов бошқа лавозимга ўтмоқда. Унинг ўрнини ўринбосари эгаллайди

Фавқулодда вазиятлар вазири маҳалла вазири вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига маъқулланди. ФВВнинг янги раҳбари ҳам маълум.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар кўриб чиқилди. Телеграмдаги «Нигоҳ» каналининг ёзишича, генерал майор Абдулла Қўлдошев номзоди фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига маъқулланди.

Абдулла Қўлдошев

Абдулла Қўлдошев 1957 йилда туғилган. 2000−2004 йилларда Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи (ҳозирда ФВВ таркибида), 2004−2009 йилларда ички ишлар вазири ўринбосари, 2009−2011 йилларда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, 2011−2012 йилларда Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи, кейинроқ Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи лавозимида ишлаган.

У 2018 йил апрелида Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Эндиликда ФВВнинг собиқ раҳбари Турсинхан Худойберганов эса маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири вазифасини вақтинча бажарувчи этиб маъқулланган.

Турсинхан Худойберганов

Турсинхан Худойберганов 1951 йилда Тошкент вилояти Чиноз туманида туғилган. 1974 йилда Тошкент педагогика институтини, 1982 йилда Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган. 1974-1999 йилларда Ўзбекистон ИИВда турли лавозимларни эгаллаган, 1999-2001 йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи бўлган, 2001-2006 йилларда Ўзбекистон президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси бўлган, 2006-2010 йилларда Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган.

У 2010 йилдан 2016 йилгача Фавқулодда вазиятлар вазири сифатида ишлаган, 2016 йил декабрида президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. У 2018 йил апрелида яна ФВВ раҳбарлигига қайтарилган, шу билан бирга президент маслаҳатчиси лавозимини сақлаб қолган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи ўрталарида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид