Ўзбекистон | 15:38 / 03.03.2022
13500
3 дақиқада ўқилади

“Қаерда тиббиёт қолоқ бўлса, ўша ерда фармакологик бизнес ривожланади” — Тиббиёт академияси профессори

Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси бош мутахассислари “сотиб олиниши”, лоббизм пайдо бўлгани, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалигача рецепт тизимини жорий қилолмагани танқид остига олинди.

Тошкент тиббиёт академияси профессори Зарифбой Ибодуллаев “Маҳалла” телеканалининг “Минбар” дастурида Ўзбекистонда амалий тиббиёт ҳам, илмий тиббиёт ҳам хароб аҳволдалиги, лоббизм пайдо бўлгани масаласига тўхталган.

Шунингдек, профессор Ўзбекистонда фармакологик бизнес гуркираб ривожлангани, бош мутахассислар сотиб олинишини айтган.

“Конференцияларни бизда фармкомпаниялар ўтказади. Сиз фан доктори, кафедра мудири бўлсангиз, Соғлиқни сақлаш вазирлигида бош мутахассис бўласиз-да, сизга маълум миқдорда пул беришади. Уни ҳеч ким кўрмайди. Кейин сизни чет элларга конференцияларга юборади. Ва ҳар йили, масалан, 1,5 мингта невропотолог бўлса, улар йиғилади ва ўша кафедра мудири ёки бош мутахассис касаллик учун дори номини ўқийди. Ва уни невропотолог миясига сингдираверади”, — деган Зарифбой Ибодуллаев.

Профессорнинг айтишича, бош мутахассисдан пастроқ лавозимдаги доцент ёки профессорлар ўша фармкомпаниялар билан яхши алоқа ўрнатади ва вилоятларга чиқиб, лекция ўқиб, дориларни реклама қилиб юради.

“Докторларни, талабаларни саводсиз ҳолатга туширган асосий омил бу –давлатнинг ўзи. Врачлар ойлигини айтилган суммагача кўтармаса, кафедраларни Европадагидек тиббий таълимни яхшилаб, кўрсатиб беролмаса, фойдаси йўқ”, — деган у.

Теледастур давомида дориларни рецепт асосида бериш амалиёти жорий қилинмаётгани ҳақида ҳам сўз борган.

Халқ табобати академияси академиги Алижон Фақировнинг айтишича, олдин Олой бозорида қўлда сотиладиган дори жойлари бўлиб, ўша дориларнинг 90 фоизи қалбаки бўлган. Шуларга чек қўйиш учун 2012 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги рецепт системасини жорий қилган. Ва 1 йилга қолмай тизим бекор бўлган.

“2018 йилда яна дори-дармон воситаларини рецепт системаси бўйича олишни йўлга қўймоқчи бўлдик ва бу ҳам яна тўхтади. Бунинг орқасида қандайдир катта кучлар турибдими, вазирлик ҳам буни эплолмади, деб ўйлайман. Бугунги кунгача бу жараён палапартиш ҳолатда турибди”, — деган академик.

Маълумот учун, Зарифбой Ибодуллаев олдинроқ ўзбек олимлари ва илмий жамоатчиликка мурожаат билан чиқиб, олимлар орасида мақолалар ёзишда сон кетидан қувиш, плагиат авж олгани ва соҳага оид бир қанча муаммолар ҳақида ёзганди.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид