Ўзбекистон | 12:26 / 05.03.2022
12509
3 дақиқада ўқилади

Яқин кунларда Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда – Туркия элчиси

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар яқин кунларда президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистонга ташриф буюришини, икки мамлакат ўзаро савдо айланмасини 10 миллиард долларга оширишни режалаштираётганини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Туркия қардош Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва Тошкентда биринчи бўлиб дипломатик ваколатхона очган мамлакатдир. 2022 йил 4 март куни биз икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонладик. Биз «Қардошликка асосланган стратегик шериклик» деб таърифлаган алоқаларимизнинг бугунги даражаси қанчалик қувонарли бўлса-да, залворли салоҳиятимиз кўз олдимизга келтирилганда икки қардош давлат сифатида биргаликда ҳали кўп йўл босиб ўтишимиз кераклигини тушунамиз. Президентларимизнинг дадил ва қатъий қадамлари туфайли айниқса сўнгги 5 йил ичида эришилган муносабатларимиздаги жадал суръатни сақлаб қолиш биринчи навбатдаги вазифамиздир», — деди икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан журналистлар билан учрашув ўтказган элчи.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар / Фото: Kun.uz

Шунингдек, Олган Бекар савдо алоқаларида икки мамлакат ўз салоҳиятидан қанчалик фойдаланаётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«2019 йилда 2,3 миллиард АҚШ доллари кўрсаткичи билан икки томонлама савдо ҳажми бўйича эришилган рекорд натижа 2021 йилда янгиланиб, 3,6 миллиард долларга етди.

Лекин Ўзбекистон ва Туркияда бундан кўпроқ салоҳият бор. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, пандемияга қарамай рақамлар ўсиб бормоқда. Ўзаро алоқаларда муҳими импорт-экспорт мувозанати. Масалан, 2021 йилда давлатларимиз ўртасидаги 3,6 миллиард долларлик савдо айирбошлаш ҳажмининг тенг ярми импорт, қолган ярми экспортга тўғри келди. Агар рақамлар бир томонлама бўлганда муаммо бўлиши мумкин эди.

Икки давлат етакчилари сўнгги учрашувида товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш марра қилиб қўйилган эди. Кейинчалик буни 10 миллиард долларга етказиш салоҳияти борлиги маълум бўлди ва яқин келажакда шу рақамларга етишга ҳаракат қиляпмиз.

Айни вақтда божхона, солиқ ва эркин савдо зонаси ташкил қилиш борасида музокаралар давом этмоқда. Яна бир нарса, тадбиркорлар ва инвесторларни мажбурлаб олиб кела олмаймиз, уларга қулай муҳит керак. Шунда ўзлари келади. Элчихоналаримиз, ўзбек-турк тадбиркорлар жамияти иқтисодий ҳамкорликни ошириш тадбиркорларни бизнес учун яратилган шароитлар билан таништиришга ҳаракат қилмоқда», — дея Олган Бекарнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, элчи жаноблари яқин кунларда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилаётганини маълум қилди.

«Ташриф санаси аниқ эмас, ҳозир фақат ташриф кунини аниқлаштириш борасида музокаралар кетмоқда. Лекин бу жуда яқин кунларда амалга ошади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати ОАВга хабар беради», — деди Туркия элчиси.  

Мавзуга оид