10 март куни Kun.uz “Тиббиётда янги монополия? 178та лаборатория битта операторга берилди” сарлавҳали мақола эълон қилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги деярли барча давлат шифохоналарининг лабораториялари таъсисчиси хориждаги корхона бўлган Intermed Innovation'га топширилгани маълум қилинганди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳолат юзасидан дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилиши ва қўшимча маълумот тақдим этилишини билдирди.

Қўмита масъулининг Кun.uz'га билдиришича, жараён узоғи билан бир ойда якунланади.

“Ўрганиш юзасидан соғлиқни сақлаш вазирига сўров чиқаряпмиз. Икки вазир буйруғини кўриб чиқамиз, кейин ҳолатни ўрганиш учун ҳудудий бошқармаларга топшириқ берамиз. Улар хулосасини бергандан кейин натижа бўлади. Сўров хати чиқарилгач, жавоб хатини тақдим этиш учун белгиланган муддат – 10 кун. Вазирлик жавоб хати беришни 10 кундан бир ойгача узайтириши мумкин. Биз иложи борича, 10 кунда жавоб хатини олиб, 15 кунда якуний хулоса беришга ҳаракат қиламиз”, – деди Антимонополия қўмитаси масъули.

Маълумот учун, феврал ойида Intermed Innovation Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларидаги давлат клиникаларида лойиҳаларни ишга тушириб, фойдаланишга топширган. Бу ҳақда компания ОАВда эълон қилган маълумотларида келтирилган. Монополияга қарши кураш қўмитаси масаланинг бу томонларини инобатга олиб, якуний хулоса бериш тезлаштирилишини билдирди.