Иқлим ўзгариши табиат ҳодисаларининг содир бўлиш вақти ва жойига ҳам таъсир қилишни бошлади. 9 март куни Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида ноқулай об-ҳаво шароити сабаб 3 нафар фуқарони яшин урди, улардан бири вафот этди. Гидрометеорологлар фикрича, Деҳқонободда фуқароларни текислик ҳудудида яшин урган ва бу – ноодатий ҳол.

Сабаби, чақмоқ ва яшин ҳодисалари асосан тоғ ва тоғолди ҳудудларида рўй бериб келган. Қолаверса, Ўзбекистонда чақмоқ ва момоқалдироқ ҳодисалари охирги йиллар ичида кўпайган. Kun.uz чақмоқ, яшин уриши ҳодисаси ва ундан қандай ҳимояланиш бўйича мутахассислардан тавсия олди.

Яшин уриши қандай содир бўлади?

Эркин Абдулаҳатов, иқлимшунос:

— Чақмоқ – атмосферада юз берадиган учқунли электр разряди. Булутлар билан булутлар орасида ёки булутлар билан ер орасида ҳосил бўлади. Булут ва ер орасида ҳосил бўладиган чақмоқлар "яшин ҳодисаси" дейилади. Чақмоқ ҳосил қилувчи момақалдироқ булутининг электр зарядлари юқори кучланишга эга бўлади.

Чақмоқ чақишидан сўнг унинг овози кейинроқ етиб келади. Бу овоз момақалдироқ ҳодисаси дейилади. Момақалдироқ овозининг қулоқларимизга етиб келиши орасидаги вақтга қараб, юқори кучланишли чақмоқ ҳодисаларининг Ердан баландлигини билиб олсак бўлади. Масалан, чақмоқ чақнашидан сўнг 6 секунд оралиқда момақалдироқ овози эшитилса, чақмоқ 2 км баландликда кузатилган бўлади. 

Яшин ва чақмоқ ҳодисаларини фарқлай билишимиз керак. Одатда, чақмоқ ҳодисаларининг 20-25 фоизида яшин ҳодисалари кузатилади. Юқори кучланишга эга зарядланган чақмоқлар Ер сиртига яқин баландликда кузатилса, улар Ердаги баланд обектларга яшин кўринишида урилади. Куни кеча Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Самарқанд вилояти бир нечта туманларида ғайритабиий мавсумга хос бўлмаган вертикал ривожланувчи булутлар қуйи чегараси Ер сиртига жуда яқин келганда яшин уриш ҳодисалари қайд этилди. Натижада, Деҳқонобод туманида истиқомад қилувчи аҳолини яшин урди. Яшин уришидан бир киши ҳалок бўлди.

Яшинни олдиндан аниқлашнинг имкони йўқ

Самандар Ҳикматуллаев, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи ўринбосари:

— Яшин энг баланд нуқтани уради. Шаҳарларда одамларни яшин уриш эҳтимоли деярли йўқ. Чунки бу ерда одамдан баланд объектлар бор. Шунингдек, яшин яйлов жойларида юрган қўй, молларни эмас, ундан баландроқ бўлган одамни уради.