2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини ҳисоблаш бошланган, лекин буни эълон қилиш учун ҳуқуқий асос – тегишли қонун қабул қилиниши керак. Бу ҳақда 10 март куни Жамоатчилик кенгаши олдида ҳисобот берган агентлик директори Акмал Бурҳонов маълум қилди.
“Тўғри, фармонда аниқ айтилган эди, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тизими жорий этилади, деб. Агентлик бу борада вазирлик ва идоралар билан биргаликда, биринчи ўринда халқаро ташкилотлар кўмагида платформа ишлаб чиқдик. Платформанинг техник жиҳатларини тегишли идоралар – биринчи ўринда АКТ вазирлиги, Киберхавфсизлик маркази ва бошқа идоралар билан ҳамма техник регламентлар ишлаб чиқилган. Энг муҳими, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасига кўра, гарчи ҳозирча эълон қилинмаган бўлса ҳам, июнда бўладими, июлдами – 2022 йил 1 январдан бошлаб [давлат хизматчиларининг] олган мол-мулклари ва даромадлари ҳисобга олинишни бошлайди.
Фақат ҳозир, қонунчилик жараёнида бизда чўзилиш бўлиб қолди, яъни қонунни ўзаро келишиш жараёни чўзилиб кетди. Лекин қонун лойиҳаси тайёр, айтганимдек, бу жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўйилади. Ўйлайманки, бу йил албатта 2022 йил 1 январдан кейинги даврга тааллуқли мол-мулклари ва даромадлари декларацияланади.
2022 йил январдан ҳисоби бошланди, фақат ҳуқуқий асоси ва техник регламентлари керак. Булар ҳозир ишлаб чиқиляпти, биз алоҳида платформа яратяпмиз. Қонун кучга кирганда бу маълумотларнинг очиқланиш муддати кўрсатиб ўтилади. Биз 1 апрелдан деган эдик, тўғрисини айтсам, улгурмаяпмиз. Июндан, июлдан бўлар, балки йил охирида. Лекин [бу қонун бўйича] 2022 йилдаги даромадлари очиқланади”, дея Акмал Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июнь ойида қабул қилинган президент фармонида 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган эди.
Фармонда “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 6 сентябрга қадар масъул идоралар томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозимлиги кўрсатилган










