Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида эшак сўйилаётган хонадон тасвирланган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Муносабатда маълум қилинишича, 2022 йил 10 март куни Косон туман ИИБ ходимлари томонидан тумандаги “Пахтазор” МФЙда яшовчи фуқаро Б.С. хонадонининг хўжалик хоналари кўздан кечирилганида бир бош эшакни сўйиб, гўштини суякларидан ажратиб қўйгани, ҳовлисида эса яна 24 бош эшак борлиги аниқланган.
Фуқаро Б.С.нинг яшаш хонадонидан олинган лаҳм гўштлар тегишли тартибда вилоят ИИБ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси, туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари томонидан холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.
Косон туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан ашёвий далил сифатида олинган гўшт маҳсулотлари лабораторияда текширилганда истеъмолга яроқсиз экани маълум бўлган. Гўшт маҳсулотлари холислар иштирокида йўқ қилинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Косон туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қарши шаҳридаги хонадонлардан бирида эшак сўйиш билан шуғулланган шахс ушланган ва унинг хонадонида сўйилган ва тирик ҳолдаги эшаклар борлиги аниқланган эди.















