Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, жорий йил 22 январдан 17 мартгача бўлган даврда 21 мингдан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчилар Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёди умра амалларини тўлиқ адо этиб қайтган. Ҳозирда 5 минг 600 нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида Умра зиёратларини амалга оширмоқда.
Бугунки кунга келиб, Саудия Арабистонида COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари юмшатилиб, подшоҳликка ПЗР тест жавобисиз кириш ҳамда оралиқ масофани сақлаш тартиби бекор қилинган. Шунингдек, 5 мартдан ўзбекистонлик зиёратчилардан ҳам ПЗР тести талаб этилмайдиган бўлди.
Шунингдек, диний идора йирик мусулмон давлатларига ҳам умра қилиш учун рухсат берилиши Саудиядаги хизматлар нархининг ошишига сабаб бўлишини маълум қилган.
«Шунингдек, Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди.
Бу – ўз навбатида, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатишига сабаб бўлади», – дейилади идора хабарида.
Мусулмонлар идораси ахборотида ўзбекистонлик зиёратчилар учун ҳам нарх-наво ошиши ёки ошмаслиги борасида маълумот йўқ.
Kun.uz билан гаплашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котибининг маълум қилишича, айни вақтда Умра-2020 мавсумида пандемия туфайли қолиб кетган 23 мингга яқин фуқаролар зиёратни амалга оширмоқда. Эски мавсумда навбати қолиб кетган фуқаролар зиёратларини якунлагач бу мавсумдаги зиёратчилар билан бошқа шартнома тузилади.
«Саудияда нарх-навонинг ошиши муносабати билан янги зиёратчилар билан тузиладиган шартнома нархи ҳам ўзгаради. Бунинг қанча бўлиши ҳақида аниқ бир нима деёлмаймиз, бу бизни [Мусулмонлар идораси] ҳамкор ширкат билан тузиладиган шартномаси, келишувига боғлиқ», – деди Kun.uz билан суҳбатда идора матбуот котиби.















