Футбол мухлиси ёздаёқ қўлига кучли бешлик лигалари тақвимини олганда, албатта, «Эль-Класико»лар қайси кунлари бўлиб ўтишини бир қараб олади. Ўша кун келди. Наврўз байрамига ўтар кечаси «Реал» ва «Барселона»нинг навбатдаги тўқнашувини кузатишимиз мумкин. Десертга эса бугун ва эрта бизни Рим дербиси ва АПЛдаги икки қизиқарли учрашув ҳам кутиб турибди.

Дарвоқе, инглиз футболи классика шайдолари учун ҳам совға бор. 70-йиллар нафақат Англия, балки Европада ном қозонган икки клуб – «Ноттингем Форест» ва «Ливерпуль» Англия кубоги чоракфиналида тўқнаш келадилар. Ёқимли иштаҳа.

АСТОН ВИЛЛА – АРСЕНАЛ (19 март, 17:30)

«Арсенал» ўтган турда «Ливерпуль»дан мағлубиятга учраган бўлса-да, Чемпионлар Лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўрин учун асосий фаворитлигини сақлаб турибди ва асосий таъқибчилари «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед»ни йўқотилган очколар бўйича мос равишда 6 ва 7 очкога ортда қолдирмоқда. Аммо ўша захира ўйинларда ғалаба қозониш ҳам керакки, бугунги устунлик амалда ҳам ўз исботини топсин. Кейинги икки ўйинни Артета шогирдлари сафарда «Астон Вилла» ва «Кристал Пэлас»га қарши ўтказади. Айтиш мумкинки, айниқса, ўз майдонида рақибга қийинчилик туғдирадиган жамоалар.

Жерард шогирдлари ўтган турда «Вест Ҳэм» майдонида мағлубиятга учраган бўлишса-да, жуда яхши спорт формасига кириб олганлар. Ундан олдинги уч ўйинни умумий 9:0 ҳисобида ғалабалар билан якунлаган эдилар. Бунинг устига «виллаликлар» айнан «Арсенал»га қарши ўйинларда ҳам етарлича муносиб ҳаракат қила оладилар. Охирги 20 ўйиндан атиги 5тасида ғалаба қозонган бўлишса-да, масалан, Бирминҳэмда ўтган сўнгги икки учрашувда бир хил – 1:0 ҳисобида устун келишган. Ўтган мавсумда эса «Вилла» ҳатто «Эмирайтес»да 3:0 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритган. Биринчи даврадаги ўйин эса 3:1 ҳисобида «тўпчилар»нинг ишончли ғалабаси билан якунланган эди. Яна бир қизиқ факт – ушбу жамоалар ўртасида бўлиб ўтган охирги 13 тўқнашувда атиги бир марта дуранг ҳисоби қайд этилган, холос.

Фото: Getty Images

Таркиблар борасида ҳар икки жамоада деярли йўқотишлар йўқ. Ўтган турда Люка Дин учрашув бошидаёқ жароҳат олди ва алмаштирилганди. Маълум бўлишича, ҳимоячи камида икки ҳафта майдонга туша олмайди. Яъни миллий жамоалар иштирокидаги танаффусдан сўнг, франциялик футболчини таркибда кўришимиз мумкин бўлади. Меҳмонлар сафида фақатгина Такеҳиро Томиясунинг майдонга тушиши сўроқ остида. Аммо айтиш мумкинки, Седрик Соареш таркибни унинг ўрнига жуда яхши шаклда тўлдира оляпти ва япониялик ҳимоячининг ўйнай олмаслиги катта йўқотиш бўлмаслиги керак.