Жамият | 16:31 / 23.03.2022
23473
2 дақиқада ўқилади

«Ўзтрансгаз»нинг ёлғон баёноти. Байрам кунлари газ босими пасайиши ҳақида соҳа ташкилотлари расман огоҳлантирилган бўлиб чиқди

Байрам кунлари водий вилоятларида газ босими пасайиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. «Ўзтрансгаз» АЖ буни рад этди. Аммо Kun.uz’га келиб тушган ҳужжатдан «Ўзтрансгаз» ёлғон баёнот бергани маълум бўлди.

Фото: Ўзтрансгаз

Табиий газни аҳоли ва мижозларга сотувчи операторларга етказиб берувчи ширкат –«Ўзтрансгаз» байрам кунлари аҳолига газ таъминоти бўйича чекловлар киритилганини рад этган эди. Бу ҳақда Kun.uz’да ҳам хабар берилганди.  

«Ўзтрансгаз»нинг газ босимида ҳеч қандай чекловлар қўйилмагани ҳақидаги хабаридан сўнг Kun.uz’нинг «Ҳудудгазтаъминот» ҳудудий филиалларидан биридаги манбаси мазкур хабарни инкор қилувчи ҳужжатни юборди.

Унда «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан 17 март куни Энергетика вазирлиги, «Ҳудудгазтаъминот», «Иссиқлик станциялари», «Ўзкимёсаноат» жамиятлари ва «Ўзсаноатқурилишматериллари» уюшмаси ҳавонинг совиши оқибатида газ босими пасайишидан огоҳлантирилган.

Рус тилидаги факсограммада «Ўзбекистон ҳудудида ҳавонинг совиши кутилаётгани, табиий газ қазиб олувчи ташкилотларда ва табиий газ импорти билан боғлиқ дефицит юзага келиши ва бунинг оқибатида Тошкент ва Фарғона водийси ҳудудларига борувчи тизимдаги қувурларда табиий газ босими пасаяди», дейилади (таржима таҳририятники).

«Ҳудудгазтаъминот» вакиллари аҳолига табиий газ етказиб беришдаги муаммолар марказий қувурларда газ босими пасайиб кетгани учун юзага келганини тасдиқлади.

Kun.uz’га водий вилоятларидан келиб тушаётган мурожаатларда айни кунларда газ босими кескин пасайиб кетгани, айрим ҳудудларда умуман газ йўқлиги айтилмоқда.

Мавзуга оид