Ўзбекистон | 09:47 / 23.03.2022
2087
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда маст ҳолда машина бошқариб ЙПХ ходимига пора таклиф қилган шахс ушланди

У ўзига нисбатан чора кўрмаслик ва машинани жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходимига 300 доллар таклиф қилган.

Фото: Fotolia

Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 20 март куни Жарқўрғон тумани Какайди қўрғонида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари Nexia машинасининг ҳаракати шубҳа туғдиргани учун тўхтатишган.

Ҳайдовчи А.С. билан суҳбатлашиш жараёнида ундан спиртли ичимлик ҳиди келаётгани учун ЙПХ ходими ўзига бириктирилган «Алкотестор» мосламаси орқали текшириб кўриб унинг (0.377 мг/л) мастлик ҳолатини аниқлаган. Инспектор ҳолат юзасидан йўл ҳаракати қоидаларининг 12-бандига мувофиқ ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган ҳамда машинани вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштиради.

Ҳайдовчи А.С. ЙПХ ходимига ўзига нисбатан чора кўрмасдан машинани жарима майдонидан чиқариб беришини илтимос қилиб, эвазига 300 доллар пора таклиф қилган. ЙПХ инспектори фуқарога бу таклифи қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини, жиноятга бошламаслигини айтиб, тушунтиришига қарамай ҳайдовчи пора таклиф қилишда давом этган.

Шундан сўнг, ЙПХ инспектори вилоят ИИБ бошлиғи номига фуқаро А.С.га нисбатан чора кўришни сўраб, билдирги билан мурожаат қилган. Ушбу билдиргига асосан 2022 йилнинг 21 март куни ИИВ ШХББ ходимлари Жарқўрғон тумани прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ҳайдовчи А.С. ЙПХ инспекторига 300 долларни пора тариқасида бераётганда ушланган ва ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан, Жарқўрғон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Сурхондарё вилоятида йил бошидан ҳозирга қадар ҳайдовчилар томонидан олти маротаба ЙПХ инспекторларига пора таклиф қилиниб уларга нисбатан қонуний чора кўрилмоқда», дейилади хабарда.

Мавзуга оид