Ўзбекистон | 07:38 / 26.03.2022
15799
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ёш қизларни фоҳишалик қилиш учун Туркияга сотиб юбораётган аёл ушланди

Жорий йил 23 март куни Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимларига “Севара” исмли аёл ёш қизларни алдов йўли билан Туркиянинг Истанбул шаҳрига фоҳишалик билан шуғулланиш учун юбораётгани тўғрисида маълумот келиб тушган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, олиб борилган тезкор-қидирув ишлар натижасида “Севара” исмли аёл Учтепа туманида яшовчи 27 ёшли А.С. экани аниқланган.

Қайд этилишича, у моддий манфаат эвазига Зангиота туманида яшовчи 26 ёшли И.Ш.ни Туркияда мўмай даромад топишга қизиқтириб, йўл ҳақи ва бошқа харажатларни ишлаб бериш шарти билан 23 март куни соат 05:30 да уни Тошкент-Истанбул йўналишида авиарейс орқали Истанбулга фоҳишалик билан шуғулланиши учун юбораётган вақтида ашёвий далиллар, яъни авиабилет, иккиси ўзаро суҳбатлашиб юрган телефон аппаратлари ёзишмалари билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Учтепа тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.С.га нисбатан Жиноят кодекси 135-моддаси 1-қисми (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланган.

Тергов жараёнида А.С. ўз кўрсатмаларида Туркия фуқароси бўлган “Фэрди” исмли шахс билан биргаликда ушбу жиноятни содир этгани, И.Ш.ни Туркияга юбориш учун унга 500 доллар юборганини, шундан 350 долларга авиачипта харид қилиб, қолган 150 долларни хизмат ҳақи эвазига рағбатлантириш тариқасида олиб қолиб, ушбу пулни ҳозирги кунда ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганини маълум қилган.

Ушбу жиноят иши юзасидан А.С.га Жиноят кодекси 135-моддаси 2-қисми “е” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган одам савдоси) билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан “Қамоққа олиш” тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид