“Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси Раъно Жўраева Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида ички парвозларни амалга ошириш учун ташкил этилаётган “Silk Avia” авиакомпаниясига оид айрим тафсилотларни маълум қилди.
Туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш мавзусидаги мулоқот давомида Раъно Жўраева ички туризмни ривожлантиришга тўхталар экан, ўтган йилдан бошлаб “Silk Avia” минтақавий авиакомпаниясини ташкил этиш ишлари бошланганини таъкидлади.
Унинг айтишича, янги авиакомпания Ўзбекистон ичида авиақатновларга бўлган талабни қондиради. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон бўйлаб 40га яқин йўналиш – нафақат пойтахтдан вилоятларга, балки вилоятлар ўртасида ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.
“Бу ерда минтақавий авиаташувлар йўқ ва уларни ривожлантириш керак. Биз ҳозирда 40га яқин йўналишни очмоқчимиз. Бу ички туризм ривожига ҳам катта ҳисса қўшади. Эътибор берсам, Самарқанд, Бухоро, Хива каби сайёҳлик йўналишларига ҳам инсонлар ё чипта йўқлиги, ёки қимматлиги сабаб поезд, автобус ёхуд таксида боришга мажбур.
Мен ички йўналишлар бўйича статистик маълумотларни кўриб чиқдим – 2021 йилда биз миллионга яқин йўловчига хизмат кўрсатдик. Албатта, талаб катта. Аҳоли мамлакат бўйлаб ҳаракатланишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунинг учун биз ишларни жадал суръатларда олиб бормоқдамиз. Умид қиламизки, кузгача самолётларни етказиб берамиз ва илк парвозларни амалга оширишни бошлаймиз”, – дея Раъно Жўраеванинг сўзларини келтирмоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Компания раҳбари, шунингдек, биринчи босқичда 70 ўринли учта самолёт келиши кутилаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, бундай сиғимга эга самолётлар маҳаллий авиаташувлар учун мақбулдир.
Раъно Жўраева, шунингдек, маҳаллий авиакомпания базаси янги “Самарқанд” аэропортида жойлашишини маълум қилди.

Мазкур аэропортни қайта қуриш ишлари 2019 йилда бошланиб, куни кеча фойдаланишга топширилган эди. Жўраева Самарқанд аэропорти замонавий ва маълум даражада экспериментал лойиҳа эканини қайд этди















