Энергодарда шаҳар аҳолиси норозилик акцияси учун кўчаларга чиқди, аммо Россия ҳарбийлари уларни тарқатиб юборди; Мариуполликлар шаҳарни мустақил тарзда тарк этишда давом этмоқда, Қизил Хоч ташкилоти орқали эвакуация ҳамон бошланмаяпти. Украина Киев областида россиялик ҳарбийлар қолмаганини маълум қилди, ҳарбий ҳаракатлар чоғида таниқли фотограф Макс Левин ҳалок бўлгани маълум бўлди.

Днепропетровск областида ракета зарбалари оқибатида темирйўл шикастланган, поездлар ҳаракати тўхтаб қолган. Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, қурбонлар йўқ.

Украина: Киев областида россиялик ҳарбийлар қолмади
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр фейсбукдаги саҳифасида Киев области россиялик ҳарбийлардан тўлиқ озод бўлгани ҳақида ёзди. Вазирлик ёки президент Зеленский офиси бу ҳақда ҳозирча расман эълон қилмаган.

«Ирпень, Буча, Гостомель ва бутун Киев области босқинчилардан озод бўлди», дея ёзади Маляр.

Ҳарбий ҳаракатлар чоғида томонларнинг маълумотини оператив текширишнинг имкони йўқ, аммо бироз аввалроқ Россия армияси Киев атрофидаги аҳоли пунктларидан кетаётгани хабар қилинганди.

Ҳафта бошида, Истанбулда ўтган Россия-Украина музокараларидан кейин Россия томони Киев ва Чернигов областлари йўналишларида ҳарбий ҳаракатлар жиддий қисқариши ҳақида маълум қилинганди. Бу музокаралар шароитида «ўзаро ишонч даражасини кўтариш» зарурати билан изоҳланганди, аммо НАТО ва Украина томони аслида Россия ҳарбийлари Донбасс, Харьков атрофи ва мамлакатнинг жанубидаги ҳудудларга ташлаш учун қайтадан гуруҳланиши мумкинлигини айтганди.

Киев областидаги аҳоли пунктларидан россиялик ҳарбийлар чиқиб кетаркан, оккупация вақтида нималар рўй бергани ҳақида кўпроқ маълумотлар юзага чиқмоқда. Шанба куни AFP журналистлари пойтахтдан узоқ бўлмаган Буча шаҳри кўчаларидан бирида тинч аҳоли вакилларининг камида 20 нафарининг жасадини учратишган.

Ижтимоий тармоқларда ҳалок бўлган одамлар йўл бўйлаб ётгани акс этган. Уларнинг айримларининг қўллари боғланган ва бошларига қарата ўқ узилган.

Oleksandr Klymenko / Reuters / Scanpix / LETA

Энергодарда тинч аҳоли вакиллари ўққа тутилиши
2 апрель куни Запорожье областидаги россиялик ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинган Энергодар шаҳрида Украина ҳукуматини қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказилди. Бу ерда Украина ва бутун Европадаги энг йирик АЭСлардан бири бўлмиш Запорожье АЭС жойлашган, РФ армияси бу ерни март ойи бошидаёқ эгаллаган.