Содда қилиб айтганда, бу лойиҳа йиллар давомида қаровсиз қолган кўчангиз, таъмирталаб мактаб-у боғчалар, икки авлодни кўрган трансформатор-у симёғочлар, умуман, мавжуд муаммоларни ҳал этишга ҳукуматдан пул олиш имконияти демакдир.
Самарқанд вилоятида “Очиқ бюджет” учун овоз йиғиш жараёнлари қандай ўтгани билан қизиқиб, қишлоқларни оралашга қарор қилдик.


Масалан, Жомбой туманидаги Журият маҳалласида сўнгги йилларда аҳоли кўпайиши, қолаверса, трансформаторлар аллақачон муддатини ўтаб бўлгани сабабли тез-тез авария ҳолати келиб чиқаверади.
Бу ҳолатдан зада бўлган аҳоли маҳалладаги тўртта трансформаторни юқори кучланишдаги трансформаторга алмаштириш ташаббусини платформага киритишди ва энг юқори овоз тўплаб, лойиҳа ғолиби бўлишди.

Абдувоҳид Дилмуродовнинг айтишича, маҳалладошлар бир овоздан юқоридаги ташаббусни қўллаб-қувватлаган. У ҳар бир хонадонга кирилгани, “Ташаббусли бюджет” ҳақида тушунча берилганини айтади.
Маълум бўлишича, журиятликлар ижтимоий тармоқларда гуруҳлар ташкил қилиб, овоз йиғишган. Натижада жами 1486 та овоз тўпланиб, Журият маҳалласи ғолиб бўлган. Энди ушбу маҳаллага сўралган юқори кучланишли тўртта трансформатор ўрнатиб берилади.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасига Жомбой тумани бўйича етмишга яқин таклиф билдирилган ва шундан олтитаси ғолиб бўлган. Хусусан, Эски Жомбой маҳалласидаги 28-умумтаълим мактаби учун филиал қуриш таклифи ҳам юқори овоз тўплаган.

Ушбу мактабга филиал қуриш таклифи билан чиққан директор Мавжуда Қурбонованинг айтишича, мактаб қамрови 380 нафарни ташкил этган ҳолда амалда 980 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Шу сабабли бир неча йиллар аввал фаолияти тўхтаб қолган филиал фаолиятини тиклаш таклифини икки маҳалла – Эски Жомбой ва Найман маҳалласи аҳли бирдек қўллаб-қувватлаган. Натижада 28-мактабнинг Найман маҳалласидаги филиалини қуриш бўйича билдирилган 620 миллион сўмлик лойиҳа ғолиб бўлган.





















