Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидалари кутилмаганда янгиланиши ортидан, жамоатчиликда саволлар уйғонди, чунки мазкур ўзгаришлар тасдиқланишидан олдин белгиланган тартибда муҳокамага чиқарилмаган эди.
Маълум бўлишича, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун regulation.gov.uz порталига мажбурий жойлаштириш тартиби 2022 йил 17 мартдан бошлаб бекор қилинган.
Шу куни қабул қилинган президент фармонига асосан, 2018 йил 3 апрелдаги қарорга ўзгартириш киритилиб, ундаги «барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари» сўзлари «муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида» сўзлари билан алмаштирилган.

Шу билан бирга, қандай турдаги ҳужжатлар «муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга» бўлиши, бундай критерийни ким белгилаши очиқ қолдирилган.
Адлия вазирлиги 2020 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамага қўйилмаса, автоматик рад этиладиган тартиб ўрнатилишига оид талабни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга ҳам киритишни таклиф қилганди. Лекин якунда бундай тартиб ўша йили янгиланган бу қонунга киритилмаган.
Бироқ 2022 йил 17 мартга қадар амалда бўлган президент фармонига зид равишда кўплаб ҳужжатлар, ҳатто қонунлар ҳам жамоатчилик муҳокамасига эълон қилинмасдан қабул қилинган ҳолатлар маълум.
Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур янгиликни «иккита катта қадам орқага юриш» дея баҳолаган.
















