Ўзбекистонда кўпчилик бу уруш ҳақидаги маълумотларни интернетдаги ижтимоий тармоқлар, Telegram-каналлар, ёши каттароқлар эса фақат Россия телеканалларидан олишади (чунки Украина ТВ каналлари бизда кўрсатмайди, Ўзбекистон телеканаллари бу уруш ҳақида оғиз очишмайди).

Интернетда ва рус ТВ-каналларда янграётган ахборотларни тўғридан тўғри ҳазм қилиб, урушаётган томонлардан бирининг тарафдори бўлиб олиб, ижтимоий тармоқларда, ҳаттоки кўча-кўйда, оилаларда тортишиб қолаётган ҳамкасблар, дўстлар, қариндошлар ҳақида эшитяпмиз.

Хўш, мутахассислар бу борада нима дейди? Гуруч курмакдан қандай ажратилади? Қандай қилиб пропаганданинг нафрат қўзғовчи таъсири остига тушиб қолмаслик мумкин?

«Мен Москва давлат университетининг журналистика факультетида ўқиганман. Бизда ҳарбий кафедра бор эди. Бизга махфий шароитда жанговар махсус пропагандадан дарс ўтишган — бунда дезинформация ва онг билан ўйнашиб, душман армияси сафига нифоқ солиш санъати ўргатилган. Бу жуда даҳшатли юмуш, беҳазил», — дейди кекса журналист Владимир Яковлев. Унинг айтишича, айни пайтда тинч аҳоли учун ҳам жанговар махсус пропаганда элементларидан кенг фойдаланилмоқда.

Журналист Владимир Яковлев пропаганданинг хиллари, услублари, улар нима мақсадларда қўлланилишини ҳикоя қилиб бериб, ундан қутулиш, пропаганда келтириб чиқарадиган адоват ва нафратга шерик бўлиб қолмаслик учун нималарга амал қилиш кераклигини ҳам санаб ўтган.

«Сизга ҳар куни таъсир қиладиган пропагандаларнинг бор-йўғи уч хили бор: оқ, кулранг ва қора пропаганда.

Оқ пропаганда — сиёсий мақсадларга етишиш учун фактларни қалбакилаштиришни назарда тутмайди.

Кулранг пропаганда — бунга рухсат беради, лекин сезилар-сезилмас даражада.

Қора пропаганда — пропагандистик вазифаларни бажариш учун воқеликни ҳар қандай усулда бузиб кўрсатишга мутлақ изн беради.

Пропаганда қанчалик кўп ёлғон ишлатилиб, виждонсизларча яратилса, у аудиторияга шунчалик кучли таъсир қилади. Ўз-ўзидан, қора пропаганда — пропагандаларнинг энг кучлиси, чунки у фактларга таяниш заруриятидан тўлиқ халос қилинган.