Яқинда эълон қилинган мақоламизда ўзбекистонлик 568 минг хотин-қиз хорижда меҳнат қилиб оиласини боқаётгани, улар ишлаётган асосий давлатлар, Ўзбекистонга қайтганларидан сўнг бундай хотин-қизларнинг эҳтиёжлари сўровнома асосида аниқланиб, ёрдам кўрсатилиши ҳақида маълумот бергандик.
Давлат томонидан турли хил кўринишда ижтимоий ҳимоялар бор. Булар ҳақида кўп ва хўп гапирилади. Бундай ёрдамлар орасида хорижда ишлаб қайтганлар учун алоҳида дастурлар бор. Хўш, улар ҳақидаги рақамлар қанчалик асосли, кўрсатилаётган ёрдамлар Ўзбекистон Республикасида эгаларига етиб боряптими?
Рўйхат ва реал ҳаёт фарқ қилган кейслар
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги берган маълумотга кўра, хорижда ишлаб қайтган мигрант хотин-қизлар билан ишлашнинг хонадонбай тизими мавжуд. Унга кўра, сўровнома асосида четдан қайтган мигрантнинг эҳтиёжи ўрганилиб, бўш иш ўрни, касбга ёки тадбиркорликка ўқитиш, субсидия таклиф қилинади.
Агентликдан хорижда ишлаб қайтиб, Ўзбекистонда ўз йўналишини топган хотин-қизлар билан боғланиш учун уларнинг контактларини олдик.
Kun.uz’га берилган рўйхатга 6 нафар аёл киритилган бўлиб, жадвал “Хорижда ишлаб қайтиб келган хотин-қизлар орасида давлатимиз томонидан берилган имтиёзларга эга бўлган ва ўз тадбиркорлигини бошлаганлар рўйхати” деб аталади.
Рўйхат бўйича 1-рақамда Каримова Ширин (исм-фамилия ўзгартирилган).
У 2020 йилда Жанубий Кореядан қайтгани, Агробанк Сардоба туман филиалидан 200 млн сўм имтиёзли субсидия ажратилгани, бу пулга туман марказида болалар дам олиш парки ташкил этгани ёзилган.
Аммо, рўйхатда кўрсатилган телефон рақамига амалга оширилган қўнғироқни аёлнинг қизи кўтарди, онаси яқинда Россияга ишлашга кетганини айтди. Унинг айтишича, онаси ҳақиқатан тадбиркорлик бошлаш учун имтиёзли кредит олиб паркда иш бошлаган, бироқ паркни юритишни холасига қолдириб, яқинда Россияга ишлашга кетган. Парк бу мавсумда ҳали ишга туширилгани йўқ, ҳаволар энди исигани сабаб бир неча кун ичида ишга туширилади.
2-рақамда – Ҳотамова Малика (исм-фамилия ўзгартирилган).

















