Ўтган ҳафта охирида Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мажмуаси атрофида юзага келган тўқнашувлар дам олиш кунлари ҳам давом этди. Тўқнашувлар чоғида 170 нафардан ортиқ киши яраланган, уларнинг аксари фаластинликлар.

Ал-Ақсо масжиди Қуддуснинг кўҳна қисмида жойлашган, ислом динидаги ардоқланувчи зиёратгоҳлардан биридир. Бу ерда яҳудийлар учун ҳам муқаддас саналган - Ибодат тоғи бор.

Қуддусда ҳозиргига ўхшаш вазият кескинлашуви ўтган йилнинг баҳорида ҳам кузатилганди ва ўшанда ҲАМАС Исроил ҳудудига ракеталарини учиргач, 11 кунлик уруш бўлиб ўтганди.

Исроил полицияси маълумотига кўра, якшанба куни фаластинликлар Қуддуснинг Эски шаҳар ҳудудида исроилликлар автобусини тошбўрон қилиши оқибатида бир неча киши яраланган.

«Аср уруши». Араб-Исроил муносабатларидаги асосий муаммолар

Фаластинликлар Исроилни мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида Ал-Ақсога ҳужум қилишда айбламоқда. Исроил томонининг айтишича, фаластинликлар диний байрамни нишонлаётган яҳудийларнинг ушбу ҳудудга келишига тўсқинлик қилишган.

Душанба куни кечқурун Исроил жанубида сиреналар янгради. Исроиллик ҳарбийлар Ғазодан учирилган ракета «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими билан уриб туширилганини маълум қилган. Бир неча соат ўтиб ҳарбийлар ҲАМАСга тегишли бўлган, қурол ишлаб чиқарилувчи объектга жавоб зарбалари берилганини хабар қилди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил самолётлари Ғазо секторининг жанубий қисмига зарбалар йўллаган, ҲАМАСдагилар исроилликларнинг самолётлари ўққа тутилганини маълум қилишган.

Хабарларга кўра, ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти ҳисобланган «Қассам бригадалари» илк марта Россияда ишлаб чиқарилган «Стрела» ракеталаридан фойдаланган. Икки томон ҳам сўнгги ҳарбий ҳаракатлар вақтида жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида хабар бермаган.

Ҳозирча Фаластиндаги ҳарбийлашган гуруҳларнинг ҳеч бири ракеталар учирилиши учун масъулиятни зиммасига олмаган, Исроил эса мамлакат ҳудудига йўлланган барча ракета зарбалари учун ҲАМАСни айбдор қилади ва жавоб зарбалари қайтаради.

Шунингдек, Исроил аннексия қилинган Ғарбий соҳилга қўшимча кучлар ташлаган.