18-19 апрел кунлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги, маданий мерос агентлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги журналистлар учун Хоразм вилоятига инфотур ташкил қилди. Kun.uz мухбири Хоразмнинг Янгиариқ туманида жойлашган кулолчилик марказидан фоторепортаж тайёрлади. 

ХХ аср бошларидан бугунгача Хоразмда Кўҳна Урганч (марҳум Эшмурот уста), Хива, Мадир (Хонқа яқинидаги қишлоқ) ва Каттабоғ (Янгиариқ) кулоллар мактаби фаолият кўрсатади. Янгиариқ туманидаги кулолчилик маркази кулолларнинг бир неча авлодини бирлаштиргани, қўл меҳнати билан оила тебратаётган усталарнинг кулолчилик ҳақидаги қизиқ ҳикоялари билан диққатга сазовор жой.

Кулолчилик маркази 2020 йил май ойида очилган. Марказда кулоллар оилавий ишлаб рўзғор тебратади. Янгиариқ туманининг Каттабоғ қишлоғида илгари кулоллар оиласи яшаган. Ҳозир бу ерда кулолчиларнинг 6-7-авлодлари фаолият юритади. 

Аввалдан маҳаллий аҳоли орасида кулолчилик идишларига эҳтиёж катта бўлган. Ҳозир улар маҳаллий бозорларда сотилади. Бундан ташқари, зангори кулолчилик идишлари экспорт ҳам қилинади. Сопол идишлар Хива, Урганч, Ҳазораспга олиб чиқиб сотилади, шунингдек, бу ердаги кулоллар хориж ва Ўзбекистондан буюртмалар олади.

“Бизнинг кулолчилигимиз оддий халқ учун. Оддий халқ орасида сопол идишлар ишлатилади. Хоразмда тўйлар катта бўлади, тўйларга биз 200-300та идишлар тайёрлаб берамиз.Тўй эгалари тўйдан кейин идишларни кам таъминланган оилаларга, маҳаллага беради”, – дейди уста кулол Рўзмат Шерматов.

Усталар идиш ясаш учун қизил тупроқни Қорақалпоқ ҳудудидаги Султон Увайс тоғидан олиб келади. Айрим идишлар оддий қишлоқ тупроғидан ясалади. Тайёр миллий сопол идишларнинг нархи 4-5 минг, энг қиммати 10 минг сўм туради. 

 Зангори кулолчилик идишлари оддий тупроқдан ясалган миллий сопол идишлардан 10 баробар қимматроқ. Чунки уларни тайёрлаш учун кулоллар тоғдан қизил тупроқ олиб келади, кўпроқ ишлов беради. Ўз навбатида, зангори ва оддий сополлар сифат жиҳатидан ҳам фарқланади.