Жамият | 07:54 / 27.04.2022
10465
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган зўравонлик ҳолатларининг 87 фоизи оилада содир этилган

Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган зўравонлик ҳолатларининг 34 330 таси ёки 87 фоизи оилада содир этилган. Бу ҳақда АОКАда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Бош прокуратура вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Фото: t.me/aokamediakontent

Қайд этилишича, ўтган йил давомида профилактик ҳисобда турган 505 нафар қизлар таълим муассасаларига жалб этилиб, 328 нафар оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари”га жойлаштирилган.

Ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар натижасида, 17 296 нафар, шу жумладан 624 нафар вояга етмаган қизлар, 3 605 нафар ёш (18-30 ёш), 520 нафар илгари судланган хотин-қизлар ички ишлар органлари ҳисобидан чиқарилди. 

2021 йил давомида ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлар юзасидан 39 343 та мурожаатлар келиб тушган. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида, 39 343 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилган.

Ҳимоя ордерларининг 378 таси вояга етмаган, 9 861 таси ёшлар (18-30 ёш), 29 104 таси 30 ёшдан катта хотин-қизларга берилган.  

Мурожаатларни ўрганишда 106 та жинсий, 234 та иқтисодий, 18 777 та руҳий, 13 658 та жисмоний зўравонлик ҳамда 7 174 та тазйиқ ҳолатлар аниқланган. 

Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган зўравонлик ҳолатларининг 34 330 таси ёки 87 фоизи оилада содир этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид