Жамият | 15:49 / 28.04.2022
14753
2 дақиқада ўқилади

Нурафшонда МЧЖ раҳбари 2 гектар ерни 500 минг долларга сотмоқчи бўлди

Нурафшон шаҳри, Қибрай, Кармана ва Самарқанд туманларида ер сотиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олди олинди.

Фото: ЎзА

ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармалари ва ИИБ ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ер майдонлари ноқонуний сотилиши билан боғлиқ бир неча ҳолатларнинг олди олинди. 

ЎзА хабар беришича, Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Нурафшон шаҳридаги чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ таъсисчиси ушбу жамиятнинг икки гектар суғориладиган ер майдонини 500 минг АҚШ доллари эвазига харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, олдиндан 140 минг долларни олган вақтида ушланган.

Тошкент вилоятида кузатилган яна бир ҳолатда Қибрай туманидаги МЧЖ бошқарувчиси мазкур жамиятга 46 йил муддатга ижара асосида фойдаланиш учун берилган 91 гектар ер майдонининг 60 гектарини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 60 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 30 минг олган вақтида ушланган.

Кармана туманида яшовчи тадбиркор эса ўзига ДХШ шартлари асосида сунъий қопламали футбол майдончаси ва ёрдамчи бино объектини қуриш учун берилган 9,9 сотих ер майдонини харидорга 50 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ДХХ Навоий вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда Ички ишлар бошқармаси томонидан ушланган.

ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ер майдонининг ноқонуний сотилишига қарши тадбир ўтказган. Жумладан, Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс (1980 й.т.) ўзига иссиқхона ташкил этиши учун Самарқанд тумани ҳудудидан ажратиб берилган 90 сотих ер майдонини 40 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга оид