“Жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2 май – душанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатимизда 2022 йил 2 май куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин”, – дейилади президент қарорида.
Шунингдек, президент бугун имзолаган 131-сонли фармонга асосан, 2022 йилда қўшимча дам олиш кунлари белгиланган президент фармонига ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, 2022 йил 3-4 май кунлари ҳафтасига 6 кун ишловчилар учун қўшимча дам олиш кунлари деб белгиланди.

Ҳафтасига 5 кун ишловчилар учун 3 май қўшимча дам олиш куни, 4 май эса 7 май (шанба)дан кўчирилган дам олиш куни бўлади.
14 май (шанба) беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш куни ҳисобланади. 3 май қўшимча дам олиш куни сифатида белгилангани учун бошқа куни ишлаб берилмайди.


















