16:30 / 05.05.2022
26309

ПТМА тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул тартиби белгиланди

Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчилар 5- ва 7-синфдан бошлаб, имтиҳон асосида қабул қилинади. Бундай мактаблардаги синфларда ўқувчилар сони 24тадан ошмайди. Болалар фақат ўз ҳудудидаги ихтисослашган мактабда ўқиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ҳукумат қарори билан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Низомга мувофиқ, ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилиш имтиҳонлар асосида амалга оширилади.

Ўқувчилар фақат ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинади.

Танловда қатнаниш учун қабул комиссиясига платформа орқали ҳужжатлар (туғилганлик гувоҳномаси, табел нусхаси, 3х4 расм, олимпиада ғолиблигини тасдиқловчи ҳужжат (бор бўлса) юборилади.

Кириш имтиҳонлари қуйидаги фанлардан тест шаклида ўтказилади:

  • аниқ фанлар йўналишида: математика, физика, инглиз тили;
  • табиий фанлар йўналишида: биология, кимё, математика, инглиз тили.

Мактабларда таълим аниқ фанлар йўналиши бўйича 5-11 синфлар, табиий фанлар йўналиши бўйича 7-11 синфларда амалга оширилади.

Ҳар бир синфда ўқувчилар 24 нафардан кўп бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ихтисослаштирилган мактаблар Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилмоқда.

Ўтган ой имзоланган президент фармонига биноан, 2022 йил 1 сентябргача вазирлик, идора ва ташкилотлар тасарруфида бўлган таълим муассасалари негизида МТМА тизимига кирувчи 141 та ихтисослаштирилган мактаб ва 19 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилади.

Top