10:57 / 05.05.2022
22243

Емаган сомсага тўланган пул – Навоийда ўқитувчилардан бормаган концертига чипта учун пул йиғилди 

Кармана туманидаги умумтаълим мактабларида қизиқчи Зокир Очилдиевнинг концертига мажбурий чипта сотилди. Топшириқни туман ҳокими ўринбосари бергани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Концерт дастури 2022 йил 5 май куни Кармана тумани марказидаги ўйингоҳда бўлиб ўтиши белгиланган. Чипта нархи 20 000 сўм. Чипталар эса ўқитувчи ва ўқувчилар сонига қараб умумтаълим мактабларига мажбурий равишда тарқатилган. Kun.uz’нинг бир нечта манбаси чипталар мажбурий сотилганини тасдиқлади.

Тумандаги аксарият мактабларда гарчи концертга боришни истамаса ҳам ўқитувчилардан чипта учун пул йиғиб чиқилган. Бунда мактабга берилган чипталарнинг умумий суммаси ўқитувчиларга тенг тақсимланган. Айрим мактабларда эса чиптага пул йиғиш “операцияси” ўқитувчиларнинг дарс соатига қараб амалга оширилган.   

“Бизнинг мактабда метод бирлашмаларга берибди. Биз олмаймиз десак ҳам мажбурлашди. Кейин бормасак ҳам мактабимизга “ажратилган” чипта пулини тўплаш учун 2000-3000 сўмдан бердик”, — дейди тумандаги 11-мактаб ўқитувчиси.

Kun.uz ҳолат юзасидан Навоий вилояти ХТБ бошлиғи Марат Шамуратов билан боғланди. Бошқарма бошлиғига кўра, чипта сотиш топшириғини туман ХТБ мудирига туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элёр Кенжаев берган.

“Менинг хабарим йўқ эди. Топшириқни Кармана тумани ҳокимининг ўринбосари берибди. Ҳозиргина туман ХТБ мудири билан гаплашдим. Мактабларга мажбурий тарқатилган чипталар қайтариб олинади”, — дея маълум қилди Марат Шамуратов.

Бу Карманада ўқитувчилардан мажбурий пул йиғишдаги илк ҳолат эмас. Олдинроқ туманда ХТБ масъуллари чет тили ўқитувчиларига бозор нархи 60 минг сўм бўлган китобни 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлишганди. Халқ таълими вазирлигининг ўрганишидан сўнг туман ХТБ мудири, методист ва бош ҳисобчи ишдан олинган эди.  

Top