13:24 / 07.05.2022
10912

Икки ойда 5 млрд сўм – уй-жой мулкдорлари ширкатлари катта пулларни талон-торож қилмоқда, ечим борми?

Тошкентдаги уй-жой мулкдорлари ширкатларининг талон-торожлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларига қандай ва қачон барҳам берилади? Вазирлик изоҳ берди.

Фото: Kun.uz

Тошкентдаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари жорий йилнинг март ойида 1,6 млрд сўм, апрелда эса 3,5 млрд сўм маблағларни талон-торож қилган. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги хабар берганди.

Нима сабабдан уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан бундай ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда, буларнинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда? 

Kun.uz сўровига биноан вазирлик ҳолат бўйича изоҳ берди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бош мутахассиси Ҳанифа Икромова ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг асосий омилларига тўхталди.

“Вазирлик ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси жойлардаги ширкатлар томонидан амалга оширилган ишлар сифати ва унга йўналтирилган маблағлар мақсадли сарфланганига оид фаолиятини ўрганиш жараёнида қатор қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаб келмоқда. Бу юзасидан маълумотлар мунтазам равишда вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида ёритилмоқда.

Уй-жой мулкдорлари ширкатлари нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, қонунчиликда Давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишига йўл қўйилмаслиги белгиланган. Шу билан бирга, мажбурий бадаллар тушуми шаффофлиги таъминланмаган эди”, – деди у.

Вазирлик масъулининг таъкидлашича, ушбу муаммоларни бартараф қилиш мақсадида янги электрон дастур ишлаб чиқилган. Энди аҳоли мажбурий бадаллар бўйича тўловларни онлайн кузатиб бориши мумкин бўлади.

“Вазирлик томонидан кўп квартирали уйларни бошқаришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, кўп квартирали уйларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар бўйича ҳисоб-китоб ишларини юритишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолига янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида уй-жой мулкдорлари ширкатларида мажбурий бадаллар ҳисоб-китобини юритиш ва ахборот-маслаҳат олиш имконини берадиган биллинг тизими — «Менинг уйим» электрон дастури жорий этилди. Аҳолига мажбурий бадалларни онлайн режимда интернет орқали амалга ошириш ҳамда мажбурий бадаллар тўлови ҳақидаги маълумотларни “шахсий кабинет” орқали назорат қилиш имконияти яратилди”, – дейди вазирлик мутасаддиси.

Top