Ўзбекистон | 12:49 / 08.05.2022
25545
2 дақиқада ўқилади

«Ҳисор» қўриқхонасида ноёб қор қоплони фотоқопқонга тушди

Қашқадарё вилоятидаги «Ҳисор» давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқон яна ноёб қор қоплонини камера объективига муҳрлади.

Қўриқхона маъмуриятининг хабар беришича, қўриқлаш ходими бош мутахассиси Абдулазиз Худойқулов ва қўриқлаш ходими Ҳасан Раҳмонов томонидан ўрнатилган яширин фотоқопқонларга яна бир бош қор қоплони видеотасвирга муҳрланган.

Қайд этилишича, қор қоплони – Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ва Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган дунё миқёсидаги ноёб тур ҳисобланади.

Шунингдек, у СITES - йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенция рўйхатига киритилган. Қор қоплонини овлаш қатъиян тақиқланган.

Қор қоплони Ўзбекистондан ташқари Хитой, Непал, Қирғизистон, Монголия, Тожикистон, Покистон, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Бутан каби давлатлар ҳудудида учрайди.

Мушуксимонлар оиласига мансуб бу ноёб жониворни мамлакатимизда муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, «Ҳисор» давлат қўриқхонасида қор қоплонининг эркин яшаш тарзи ва кўпайиши учун доимий муҳофаза чоралари амалга ошириб келинади.

«Ҳисор» давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонлар феврал ва март ойларида ҳам уч марта қор қоплонини тасвирга олганди.

Мавзуга оид