12 май куни президент Шавкат Мирзиёев “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида” фармон  ва “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор имзолади.

2026 йилгача 1,9 миллионта ўқувчи ўрни яратиш мўлжалланмоқда

2022-2026 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳисобига 1,2 миллион ўқувчи ўрни миқдоридаги янги қувватлар яратиш вазифаси қўйилди.

Худди шу йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида умумий ўрта таълимда яна 700 минг ўқувчи ўрни миқдоридаги янги қувватлар яратилиши белгиланди.

Мактабларга интернет, компютерлар ва устахоналар

2022 йил 1 сентябрга қадар 2023-2024 йилларда мактабларда маънан эскирган компютер синфларини янгилаш бўйича дастур Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 400 нафаргача ўқувчиси бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида интернет тезлиги камида 40 Мбит/с, ўқувчилар сони 400 нафардан юқори бўлганларда камида 100 Мбит/с бўлиши таъминланади.

Мактабларни юқори тезликдаги интернетга улаш учун зарур маблағларни ажратиш вазифаси ҳокимларга юклатилди.

2022 йил 1 августга қадар умумий ўрта таълим муассасаларининг технология фани устахоналари ҳамда касб-ҳунар амалиёти хоналарининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Бу хоналарни босқичма-босқич ташкил этиш ва жиҳозлашга ҳокимлар масъул бўлади.