Ўзбекистон | 10:45 / 17.05.2022
10407
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги лабораториялар битта корхонага берилгани юзасидан вақтида маълумот бермаган ССВга иш қўзғатилди — Антимонопол қўмита

Монополияга қарши кураш қўмитаси Тошкентдаги 178та лаборатория битта корхонага берилгани юзасидан сўралган маълумотларни вақтида тақдим этмаган Соғлиқни сақлаш вазирлигига нисбатан иш қўзғатилганини маълум қилди.

Фаррух Карабаев / Фото: Монополияга қарши кураш қўмитаси

16 май куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Монополияга қарши кураш қўмитаси мутасаддилари Kun.uz мухбирининг “лабораториялар монополияси”га оид иш хулосалари нега ҳамон маълум қилинмаганига оид саволига жавоб берди.

Қўмита раиси ўринбосари Фаррух Карабаевга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўралган ҳужжатларни вақтида тақдим этмагани учун унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган. 

“Тошкентдаги 178та лаборатория битта операторга берилгани юзасидан бир қанча тадбиркорлик субъектларидан бизга мурожаат тушган. Айнан лабораториялар функцияси муайян бозор иштирокчисига берилгани юзасидан ва айнан мана шу давр мобайнида биз юқорида таъкидлаб ўтган маълумотлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълумотлар сўраганмиз. Лекин бу маълумотлар сўралган даврда берилмади ва шунга асосан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига асосан иш қўзғатилди. Шу ҳафта бу бўйича чора кўрилади. Агар маълумотлар берилмаса, тегишли тартибда чоралар кўрилади”, — деди у.

Фаррух Карабаев, айнан бу масала давлат шерикчилиги ва давлат-хусусий шерикчилиги концессия шартлари асосида тузилган шартномалар экани, бу борада маълумотлар олингандан кейин хулоса чиқарилишини қўшимча қилди.

“Айнан монополияга қарши текширув ўрганиш вақт талаб қиладиган масала. Чунки маълум маъмурий процедуралар бор, биз бундан чиқолмаймиз. Давлат сиёсати даражасига чиққан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ошиқча аралашишга қонунан йўл қўйилмайди ва шу жиҳатдан биз муайян бюрократия шартларига амал қилишимиз керак. Бу икки ой давомида қўмита ҳеч нарса қилмади дегани эмас, биз шуғулланяпмиз. Аммо маълум қийинчиликлар туғилмоқда. Биз қонунбузилиш ҳолатини ўрганишимиз учун ҳужжатлар керак, лекин шу кунгача улар тақдим этилмади. Агар қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, “Рақобат тўғрисида”ги қонунга асосан чоралар кўрамиз”, — деди раис ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Kun.uz Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178та лаборатория битта компания – Intermed Innovation’га тендерсиз берилгани ҳақида ёзганди.

Шунингдек, мақолага тиббий-лаборатория хизматларини кўрсатувчи бир гуруҳ тадбиркорлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши кураш ва Суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига киритилган шикоят хати ҳам илова қилинганди.

Монополия қарши курашиш қўмитаси ҳолат юзасидан ўрганиш бошлаганини маълум қилганди.

Мавзуга оид