1 январдан бошлаб харид чекини “Солиқ” мобил иловасидан рўйхатдан ўтказган фуқароларга харид суммасининг 1 фоизи қайтарила бошланди. Чек бермаганлик ҳолатлари юзасидан солиқ идораларига хабар берган фуқароларга эса мукофот пули берилиши йўлга қўйилди.

Айнан чек бермаслик ҳолатлари юзасидан хабардор қилиш тизими тадбиркорлар ва фуқаролар ўртасида резонансларни келтириб чиқармоқда. Ижтимоий тармоқларда самосуд, харидор ва сотувчи жанжаллари акс этган видеолар кунда-кунора тарқалмоқда.

Жамиятда бу ўзаро келишмовчиликлар илдизи қаерда, нега тадбиркор чек бермайди, муаммога ечим борми – ушбу саволлар юзасидан тадбиркорлар билан мунтазам ишлайдиган солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га ўз фикрларини билдирди.

“Касалнинг сабаби билан эмас, асорати билан курашяпмиз”

— Жамоатчилик назоратини йўлга қўйишмоқчи, лекин бу жараёнда жамиятнинг аксарият қисми тадбиркорларга тенг имконият яратилмаганини билган ҳолда “уступка”га боряпти.

Битта шахс томонидан бир кунда ўнлаб дўкондан 1-2 минг сўмлик харидлар амалга оширилган ҳолатлар бор, мақсад – тадбиркор чек бермаслиги ва унинг устидан шикоят ёзиб пул ишлаш. Сиз ҳар куни 30та дўконга кириб, 1-2 минг сўмлик нарса сотиб олмайсиз. Эҳтиёжингиз бўлсагина сотиб оласиз.

Бу – салбий томони. Ижобий томони эса кўпчилик жаримадан қўрқиб чек уряпти. Бироқ аҳоли ва тадбиркор ўртасида келишмовчиликлар юзага келмоқда, бу ҳатто самосуд ҳолатларига ҳам сабаб бўлмоқда. Тадбиркорлик ўзи осон иш эмас ва уни доимий жаримага тушираётган одамни топса, эртага уни кечирмайди. Аввало, тадбиркор чек урмаслигининг сабаби нима деган масалага тўхталишимиз керак.

Солиқ юки…

— Бизда ҳолат шундайки, тагига олов ёқилган жойдан югурмасдан ўтиш талаб қилиняпти. Чек урадиган бўлса, қайсидир миқдорда солиқ юки ошиб кетиб қолади. 1 млрд сўмгача айланмадан солиқ тўлаётган тадбиркор, айланмаси 1 млрддан ошгандан кейин ҚҚС тўловчисига ўтиб кетади. Бу у учун солиқ юки 4-5 баробарга ошиб кетди дегани. Бу нарсадан қочиш учун тадбиркор чек урмасликка мажбур бўлади.

Айб балки одамларда эмас, механизм тўғри яратилмаганидадир? Ҳозир касалнинг асорати билан курашяпмиз, лекин у қаердан келиб чиқаётгани билан қизиқмаяпмиз.

Биз билан гаплашган тадбиркорлар айланмаси 1 млрд сўмдан ошиб кетса, ҚҚСга ўтиб кетамиз-ку, шу чегарани 10 млрд сўм қилиб қўйинглар, ҳамма тўлайди дейишади. Ҳозирги кунда тадбиркорликда рақобат юқори бўлгани учун тадбиркор 4-5 фоизга ишлаяпти. 4 фоиз эмас, 2-3 фоиз қилиб қўйинглар, ҳаммасини тўлаймиз дейдиган тадбиркорлар ҳам бор. Мутахассис сифатида айтаман: 2 фоиз эмас, 1 фоиз қилиб қўйган тақдирда ҳам чек уришга тўлиқ эришилмайди. Одамлар 4 фоиз солиқ тўлашдан қочмаяпти, улар механизм нотўғри йўлга қўйилган деб ҳисоблаб ҚҚС тўловчисига айланишдан қочяпти.