DW хабарига кўра, Трамп 22 октябр куни журналистлар билан мулоқотда Starlink фаолияти тикланганини билдирган. Аммо у бу масалани SpaceX раҳбари Илон Маск билан шахсан муҳокама қилган-қилмаганини очиқламаган.

Журналистлар The Washington Post хабарига таяниб, Трампдан Маск билан суҳбати ҳақида сўраган.

«Бунга изоҳ бермоқчи эмасман. Мен қўнғироқ қилдимми ёки бошқа бировми — фарқи йўқ. Менимча, муҳими, у яна ҳаммасини тиклади», — деган АҚШ президенти.

Зеленский эса шу куни, Трампнинг баёнотидан бир неча соат олдин, октябр ўрталарида жорий этилган чекловлардан кейин Starlink иши ҳали тўлиқ тикланмаганини билдирган.

Украина Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, муаммолар 14 октябрга ўтар кечаси кузатила бошлаган. Гап интернетда маълумот узатиш тезлигидан кўра, юқори тезликда ҳаракатланаётган қурилмаларда сунъий йўлдош алоқаси ишламай қолиши ҳақида бормоқда.

Бу Украина қуролли кучларининг учувчисиз аппаратлардан фойдаланишига қийинчилик туғдирган. Украиналик ҳарбийлар Starlink ва ҳарбий алоқа учун мўлжалланган Starshield имкониятларидан коммуникация ҳамда дронларни бошқаришда фойдаланади.

The Telegraph ва The Wall Street Journal нашрлари чекловларни жорий этиш ташаббуси Илон Маскдан чиққанини хабар қилган эди. Уларнинг манбаларига кўра, тадбиркор бу масалани Пентагон билан муҳокама қилиб, унинг қўллаб-қувватлашига эришган. Оқ уй эса Украинада сунъий йўлдош тармоғи ишини чеклаш бўйича кўрсатма бермаганини билдирган.

Октябр ўрталарида Киев АҚШ билан разведка маълумотларини алмашишда ҳам муаммоларга дуч келганини айтган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина бир неча кеча давомида Россия баллистик ракеталарни учиргани ҳақида ҳамкорларидан огоҳлантириш олмаган.

Трамп маъмурияти вакиллари бу ҳолатни об-ҳаво шароити ва дастурий таъминотдаги муаммолар билан изоҳлаган.

Зеленский 18 октябрда Bloomberg’да эълон қилинган интервюсида АҚШ маъмуриятининг сўнгги қадамлари Украинани таслим бўлишга ундашга ўхшаётганини айтган. Шу билан бирга, у буни америкалик ҳамкорларнинг аниқ мақсади деб тасдиқламаган.

«Америкаликлар урушни Украина ҳисобига тезроқ тугатиш мумкин, деб ҳисоблаётганига ишонгим келмайди. Аммо бу айнан шундай кўринмоқда», — деган Украина президенти.