Бу таклифлар Олий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳасида келтирилган. Ҳужжат қабул қилинса, низом номи ҳам миллий рейтингни юритиш ва рағбатлантириш тартибини қамраб оладиган шаклда ўзгаради.

Миллий рейтингни юритиш президент администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, ҳар бир тоифа доирасидаги олий таълим ташкилотлари рейтинг натижалари асосида қуйидагича ажратилади:

  • юқори натижа кўрсатган 20 фоизи — биринчи даражага;

  • кейинги 40 фоизи — иккинчи даражага;

  • қолган 40 фоизи — учинчи даражага.

Молиявий рағбатлантиришда давлат ОТМнинг молиялаштириш усули ҳисобга олинади. Молиявий мустақиллик берилган ОТМ учун рағбат давлат гранти асосида ўқиётган бир нафар талабани молиялаштириш миқдорига нисбатан қўлланади.

Анъанавий тартибда молиялаштириладиган давлат ОТМда эса ҳисоб-китоб харажатларни қоплаш учун ажратилган давлат бюджети маблағларига нисбатан амалга оширилади. Тақдим этилган лойиҳа матнида ҳар бир даража учун рағбатлантиришнинг аниқ фоизи ёки суммаси кўрсатилмаган.

Рейтингнинг якуний натижалари эълон қилингач, Таълим ва илм-фан вазирлиги рағбат маблағларини ўн беш иш куни ичида тегишли ОТМнинг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказиши назарда тутилган. Бу маблағлардан қандай фойдаланиш бўйича қарорни олий таълим ташкилотининг ўзи қабул қилади.

Лойиҳада рейтингга киритиладиган ОТМга қўйиладиган талаб ҳам аниқлаштирилмоқда. Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкил этилганига уч йил тўлган ва бакалавр битирувчилари мавжуд олий таълим ташкилотлари баҳоланади. Олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно.

THE, QS ва ARWU халқаро рейтингларининг умумий «Топ-1000» рўйхатидан Ўзбекистон номидан ўрин олган ОТМ учун миллий рейтинг алоҳида юритилиши мумкин. Бу қоида соҳалар бўйича тузиладиган халқаро рейтингларга татбиқ этилмайди.

ОТМ ҳисобот йилига оид маълумотларни кейинги йилнинг 1 июнига қадар махсус платформага киритиши таклиф қилинмоқда. Халқаро обрўни баҳолашда эса хорижий ҳамкор университетлар ва илмий ташкилотларнинг 200 нафаргача ходимини жалб этиш назарда тутилган.