Ҳукуматнинг 2026 йил 21 октябрдаги 585-сон қарори билан тегишли низом тасдиқланди. У қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, саноат, энергетика ва хўжалик-маиший эҳтиёжлар учун сув олишдаги қоидабузарликларга тааллуқли.
Қуйидаги ҳолатлар сув олиш тартибини бузиш деб ҳисобланади:
белгиланган лимитдан ортиқча сув олиш;
сув олиш шартномасини расмийлаштирмасдан сув олиш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламаслик;
сувдан махсус фойдаланиш рухсатномасисиз сув олиш;
ўзбошимчалик билан сув олиш.
2027 йил 1 январдан «Биринчи хато учун — огоҳлантириш» қоидаси жорий этилади. У йил давомида биринчи марта сув олиш тартибини бузган, аммо фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳамда ўзгалар мулкига зарар етказмаган юридик шахсларга татбиқ қилинади.
Бундай ҳолда Инспекция юридик шахсни suvnazorat.uz электрон платформаси орқали огоҳлантириб, қоидабузарликни бартараф этиш бўйича кўрсатма беради. Ҳолат 10 кун ичида бартараф этилмаса, молиявий санкция қўлланади.
Санкция миқдори ҳар минг куб метр сув учун базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан, Сув кодексининг 164-моддасида белгиланган фоизлар асосида ҳисобланади. Санкция қўлланилганидан кейин бир йил ичида тартиб такроран бузилса, беш баравар миқдорда санкция қўлланади.
Тўловни ихтиёрий амалга ошириш учун енгилликлар ҳам белгиланган. Қарор ва санкция ҳисоб-китоби олинган кундан бошлаб бир ой ичида сумманинг 50 фоизи тўланса, юридик шахс қолган қисмини тўлашдан озод этилади.
Шунингдек, санкцияни олти ойдан кечиктирмасдан бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин. Бунда ҳар ойлик тўлов умумий сумманинг олтидан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак. Дастлабки тўлов бир ой ичида амалга оширилса, бўлиб тўлаш тартиби автоматик равишда қўлланади.
Низомга кўра, санкция ихтиёрий тўланганида ҳуқуқий таъсир чораси қўлланмаган деб ҳисобланади. Бир ой ичида ихтиёрий тўлов амалга оширилмаса, Инспекция судга даъво аризаси киритади.
Санкция устидан шикоят берилса, у кўриб чиқилгунига қадар санкция қўллаш жараёни ва муддати тўхтатиб турилади.

















