Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни геология соҳасига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Лойиҳалар фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган.
Расмий релизга кўра, сўнгги йилларда уран бўйича 27 та янги кон очилиб, барқарор хомашё базаси яратилган. Лекин соҳадаги имкониятлар анча кўп. Тақдимотда давлат раҳбарининг нодир ва ноёб металлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича топшириғидан кейин ишлаб чиқилган режалар юзасидан ахборот берилган.
Қайд этилишича, умумий қиймати 182 миллион долларлик 14 лойиҳа шакллантирилган. Президент бу лойиҳалар билан чегараланмасдан, юқорироқ марра олиш кераклигини таъкидлаган.
“2022-2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдон ҳисобига уран захирасини ошириш, замонавий бурғилаш ускуналарини олиб келиш, рақамли геология моделини яратиш кўзда тутилади.
Шунингдек, “Навоийуран” давлат корхонасини трансформация қилиш, хорижий мутахассисларни жалб этиб, технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Уран захирасини халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш, сўнгги технологиялар асосида рудадан уранни ажратиб олиш даражасини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Тақдимотда истиқболли конларни тайёрлаш ва уларга инвесторларни жалб қилишга оид таклиф ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида “Янги кон” лойиҳа офиси ташкил этиш, унинг устав капиталига 15 миллион доллар ажратиш мўлжалланган. Бу лойиҳа офиси литий, алюминий, магний, графит ва бошқа нодир металларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширади.
Шавкат Мирзиёев жаҳон бозорида уран нархи барқарор ўсиб бораётгани, янги лойиҳаларда бу хомашёни қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Геология фанлари университети ташкил этилди; Навоий кончилик институтига университет мақоми берилди; Италиянинг Пиза ва Россиянинг Санкт-Петербург кончилик университетлари билан қўшма дастурлар тузилди. Лекин замонавий билимга эга, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни яхши ўзлаштирган ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш суст.
















