Президент фармони билан Халқ таълими вазирлиги тасарруфида бўлган ихтисослашган мактаблар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилмоқда. Бу мактабларда ўқитиш қайтадан ташкил этилади, ўқитувчилар ва ўқувчилар қабули янгидан амалга оширилади.

Kun.uz'га Тошкентдаги айни шундай мактаблардан бири – аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаб (АФИДУМ) ўқувчиларининг ота-оналаридан мактаб ёпилиши бўйича мурожаатлар келиб тушди. Фармонга кўра, мактаб агентлик тасарруфига ўтиши ва Олмазор тумани ихтисослаштирилган мактабига айланиши кўзда тутилган.

АФИДУМ жорий йилдан ўз фаолиятини тугатиб, қайтадан ўқувчиларни қабул қилади. Ота-оналар эса мурожаатда бундан норози эканликлари, мактабда болаларига яхши таълим берилаётгани, болалари сарсон бўлишини хоҳламасликларини билдирган.

Халқ таълими вазирлиги изоҳи

Апрел ойида ихтисослаштирилган мактаблар мавзуси кўтарилганда Халқ таълими вазирлиги масалага муносабат билдирганди.

“2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида 168 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар ташкил этилиши белгиланди.

Агентлик мактабларида Президент мактаблари тажрибасидан келиб чиқиб, ўқув жараёни халқаро таълим дастурлари асосида тайёрланган замонавий дарсликлар асосида олиб борилади, ўқувчилар хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириши учун зарур шарт-шароит ва таълим муҳити яратилади, мазкур жараёнга хорижий ҳамда маҳаллий педагог кадрлар жалб қилинади, сунъий интеллект, робототехника, агротехнология, нанотехнология, биотехнология, IELTS, TOEFL ва SAT бўйича қўшимча курслар ташкил этилади”, дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, 2022/2023 ўқув йилида агентлик мактабларига ўқувчилар имтиҳон асосида, янги аниқ фанлар йўналишига 5–11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7–11-синфларга қабул қилинади (кейинги йиллардан бошлаб мос равишда фақат 5- ва 7-синфларга қабул бўлади).

Мазкур танловларда биринчи навбатда шу мактабда таълим олаётган ўқувчилар тўлиқ иштирок этади ва уларнинг барчасига танловда қатнашишга имконият берилади.

Вазирлик ўқув йили тугамасдан ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларини бошқа умумтаълим мактабларига кўчириш топшириғи берилмаганини билдириб, мактаб маъмуриятларини шошма-шошарлик қилмасликдан огоҳлантирган, ота-оналардан эса бу ўқув йилини яхши кайфиятда тугатиб, фарзандлари агентлик томонидан ўтказиладиган танловларда қатнашишини сўраганди.