Шавкат Мирзиёев 25 май — Сўнгги қўнғироқ байрами муносабати билан мактаб битирувчиларига табрик йўллади. Табрик Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Қадрли мактаб битирувчилари!
Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга – умрингизнинг янада гўзал ва масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Мамлакатимиздаги барча умумтаълим даргоҳларида “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашув тадбирлари ўтказилаётган ушбу қувончли ва ғоят ҳаяжонли дамларда ҳаммангизга келгуси ҳаётда улкан ютуқ ва омадлар тилайман.
Умид ва ишонч рамзи бўлган етуклик шаҳодатномалари барчангизга муборак бўлсин!
Азиз болаларим!
Бу йил республикамизда 390 минг нафардан зиёд ўқувчи ёшлар умумтаълим мактабларини битирмоқда. Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимиз ва халқимизга муносиб фарзанд бўлишдек олижаноб мақсадларга сарфлашга чоғланиб турган сиздек тиришқоқ ва интилувчан фарзандларимиз – бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир.
Албатта, бугун юртимизда мактаб битирувчилари билан бирга уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийлар учун ҳам унутилмас кундир. Ушбу қувончли айёмда уларни ҳам чин дилдан қутлаб, барчасига эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Сўнгги йилларда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизими сифат жиҳатидан кескин ўзгарди. Айниқса, мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиб, бу борада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда юртимизда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим мактаблари билан бирга кўплаб нодавлат, давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари фаолият юритаётгани ушбу тизимда қисқа муддатда чуқур таркибий ва сифат ўзгаришлари юз берганини кўрсатади.
Биргина ўтган йилда 3,3 триллион сўм маблағ ҳисобидан 789 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз қўлга киритган медаллар сони 3 баробар, минтақавий олимпиадаларда эса қарийб 2 баробар кўпайгани, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 900 мингдан зиёд ўқувчи дастурлаш асосларини ўрганиб, сертификатга эга бўлгани барчамизни хурсанд қилади.
Бутун ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган жонкуяр ўқитувчилар, устоз-мураббийлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга муҳим аҳамият қаратилмоқда.

















