08:52 / 01.06.2022
12769

Самарқанддаги ресторанда ўтказилган тўйда одамлар оммавий заҳарланди

13 нафар бемор Жомбой туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Яна 5 нафар беморнинг умумий ҳолати енгил бўлгани учун улар оилавий шифохонада даволанган.

Фото: Fotolia / Tom Wang

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлашган ресторанда ўтказилган тўйда қарийб 200 киши заҳарлангани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ ва Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди. Аҳамиятлиси шундаки, ҳар икки муносабатда касалхонага ётқизилган беморлар сони турлича келтирилган.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, Жомбой туманида яшовчи 19 нафар фуқаро тиббиёт бирлашмаларига тўй базмида овқатдан заҳарлангани юзасидан мурожаат қилишган. Улардан 14 нафари соғлигининг ҳолати қониқарли экани сабабли амбулатор шароитда даволанишга юборилган. 5 нафари тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Айрим телеканалларда 200 нафар фуқаро заҳарланган дея берган маълумотлари ҳақиқатга тўғри келмайди ва ушбу хабарлар юзасидан текширув тайинланди», дейилади муносабатда.

Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати туман ҳудудида овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолат юз бергани ҳақидаги хабарларни рад этди. Шунингдек, овқатдан заҳарланганлар сони ҳам 200 киши бўлмаганини маълум қилди.

«Ҳақиқатан ҳам Жомбой тумани Олмазор маҳалласида яшовчи айрим фуқаролар қорин оғриғи ҳамда кўнгил айниши билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Аммо хабарларда қайд этилганидек, беморлар сони 200 нафар эмас. Шунингдек, ҳолатга алоқадорлиги гумон қилинаётган базмгоҳ Самарқанд шаҳрида жойлашган», дейилади туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабатида.

Жомбой туман тиббиёт бирлашмасидан маълум қилинишича, 28–31 май кунлари юқумли касалликлар бўлимига 13 нафар бемор ётқизилган. Умумий ҳолати енгил бўлган 5 нафар беморни “Зарафшон” оилавий шифокор пунктида даволаш чораси кўрилган. Патронаж ҳамширалар тўйда иштирок этган ҳар бир фуқаро хонадонида бўлиб, уларнинг саломатлигини назоратга олишган.

Аввалроқ, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жойлашган боғчада 25 нафар бола заҳарланганди

Top