“Аввало, бу ишда менга Жаҳонгир аканинг (Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев назарда тутилмоқда – таҳр.) оиласи ўз мисолида ибрат бўлган. Уларда ҳам шундай – бир қизни асраб олиб, ўқитиб, ўстириб, чиройли қилиб узатишди.

Нигора келинойим (Ортиқхўжаевнинг турмуш ўртоғи – таҳр.) – ҳеч кимга билдирмасдан жуда кўп эҳсон қилиб юрадиган ниҳоятда яхши аёл. Менимча, Жаҳонгир аканинг “Жаҳонгир ака” бўлишида ҳам келинойимнинг хизматлари катта.

Шу аёл бир куни менга меҳрибонлик уйидаги болаларни руҳлантириш учун улар билан суҳбат қилиб келишни таклиф қилди. Болаларим билан шу суҳбатда танишганман. Улар билан алоқа ўрнатганман ва вақти-соати келиб, улар фарзандларимга айланди. Буларга Нигора келинойим сабабчи бўлган.

Шахсий ҳаётимда нима ўзгарди? Аввало хурсандчилик. Бу – куч ҳам. Ишдан чарчаб бораман, бундай пайтда асаблар учига чиққан бўлади. Уларни кўриб...

Улар билан катта стол атрофида овқатланганда, югуриб келиб, мени “адажон”, дея қучоқлаганда, ҳамма чарчоқларим чиқиб кетади.

Шу билан бирга яшаш тарзимда ҳам табиийки ўзгаришлар бўлди. Бу нима дегани? Дейлик, аввал дўстларим билан кўпроқ ўтиролишим мумкин эди. Ҳозир бундай йиғинлар кескин камайиб кетди. Ҳозир болаларга кўпроқ эътибор беришим керак. Уларга эътибор керак. Аввал чет элга чиқсак, 7-8 киши тезда чиқиб кетаверардик. Бу осонроқ эди. Ҳозир 16-17 киши бўлиб кетдик. Энди чет элга чиқишимиз камайди.

Битта нарсани олаётганимда, йўқ, бунисини олақолай, дея ўзимни қисиш, ортиқча харажатлардан тийишим кўпайди. Ухлаш камроқ бўляпти.

Яна бир мисол, авваллари аёлим билан дўконларга кирсак, 3-4 нафар болага кийим олиш осонроқ эди. Яқинда аёлим бир дўконга кириб кетди. Икки соатдан кейин қайтиб чиқди. Барака топсин, қарасам, катта сумкада 14 боламизга кийим-кечаклар олиб чиқибди.

Ўзингизга олдингизми, десам, кейинроқ олармиз, деди. Бунга ҳам тайёр туриш керак. Лекин бунда ички бахт ҳисси жуда катта”, – деди Мурод Назаров.

У шунингдек, сайт мухбирининг буни бошқаларга ҳам тавсия қиласизми, дея берган саволига “йўқ” деб жавоб берди. У бу жавобини шундай қўшимчалар билан изоҳлади:

“Тарғиб қилишга ҳам, тавсия қилишга ҳам шошмайман. Бола асраб олганимни эшитган яна ўнлаб одамлар бизга ҳам ёрдам бер, дея сўради. Лекин уларнинг баъзиларига ёрдам бердим, баъзиларига эса йўқ.