Яқинда Starlink расмий сайтида лойиҳа доирасида сунъий йўлдош интернетининг ишга тушиш ҳудуди ва вақти акс этган харита эълон қилинди. Унда кўрсатилишича, лойиҳа Ўзбекистонда 2023 йилдан ишлай бошлайди.

Starlink терминали / Фото: Business Insider

Май ойида Starlink лойиҳасига эгалик қилувчи SpaceX компанияси вакили фазовий технологиялар бўйича халқаро конференция доирасида Тошкентга келган эди. АКТ вазирлиги ва “Ўзбеккосмос” агентлиги вакиллари у билан учрашувда компания ва Starlink лойиҳасини Ўзбекистонга таклиф қилганди.

Лойиҳа қачон ишга тушиши, қандай ишлаши, Ўзбекистонда сунъий йўлдош интернетидан нималарни кутиш мумкинлиги, интернет нархи қанча бўлиши кабилар ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини учириш режаларини кечиктирган

2018 йилда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини учириши, бу мамлакатдаги “ҳаётни бирданига ўзгартириб юбориши”, хусусан интернет тезлиги ошишини айтганди. Аммо шундан кейин бу йўналишда деярли янгилик бўлгани йўқ.

2022 йил мартида “Ўзбеккосмос” директори Шуҳрат Қодиров айтдики, сунъий йўлдош орқали олинадиган интернет анча секин ва катта маблағ талаб қилгани учун уни учириш унчалик фойдали эмас. Қодировнинг фикрича, Ўзбекистонда оптик толали интернетни кенгайтириш самаралироқ.

5 йил олдинги гаплар амалга ошмай қолгани, янги баёнотда эса Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини учириши ҳозир кун тартибида эмаслиги тасдиқланганидан келиб чиқсак, Starlink интернети мамлакат телекоммуникация тармоғини янги босқичга чиқариш учун яхши имконият бўлиши мумкин.

Starlink интернети нархи ва ўзбекистонликлар чўнтаги