Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, жабрланганлар ва масъуллардан изоҳ олди.

Хусусан, Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси Нарпайда жами учта озиқ-овқат дўконининг тахминан 70 кв.м майдони, озиқ-овқат маҳсулотлари ёнганини маълум қилди. Аслида бу нотўғри рақам эканлиги тарқалган видеолардаёқ акс этиб турганди.

Дўконлар бир қатор бўлиб ёнганига гувоҳ бўлдик. ФВБ айтганидек учта эмас, йигирмадан ортиқ дўконлар бутунлай яроқсиз аҳволга келиб қолган. Жабрланганларнинг айтишича, улар асосан улгуржи савдо билан шуғулланган ва дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган.

Гулҳаё Маҳмудованинг айтишича, улар оилавий бўлиб савдо қилиб келган. Бозор маъмурияти билан ижара-шартнома асосида фаолият олиб борган. Уларнинг тахминий ҳисоб-китобига кўра, етти юз миллион сўм зарар кўрган. Ёнмай қолган маҳсулотлар ҳам истеъмолга бутунлай яроқсиз эканини айтмоқда у.

Равшан Ҳожиакбаров тахминан кечки 20.30 ларда бозорда ёнғин чиққанидан хабардор бўлганини айтмоқда. Савдогарлар маҳсулот зарарланмаслиги учун ҳаракат қилган, бироқ дўконга яқинлашишнинг имкони бўлмаган. Қисқа фурсатларда бир нечта дўконларга олов ўтиб кетгани айтилмоқда. Равшан тунги 2.30 ларда уйига кетган.

Зуҳра Болтаеванинг айтишича, оиланинг топгани шу иш учун тикилган ва уларнинг қўлида нақд пул кўринишида маблағ йўқ. Шу сабабли агар уларга бу мушкул вазиятдан чиқиб кетишлари учун қандайдир имтиёз берилмаса, оғир ҳолатга тушиб қолишлари мумкинлигини маълум қилди.

Вазият бўйича “Мирбозор бозори” МЧЖ раиси Мирзоҳид Йўлдошевдан изоҳ олдик. У ёнғин оқибатида 21 та дўкон ёнганини билдирди. Жабрланган тадбиркорларга бозорнинг бошқа ҳудудидан жой берилиши ва то улар ўзларини тиклаб олгунга қадар қўллаб-қувватланишини маълум қилди. Хусусан, ижара шартномалари бугундан тўхтатилиб, савдогарлардан ижара ҳақи олинмайди. Бундан ташқари, Йўлдошев тадбиркорларнинг солиқ тўловларига ҳам бозор маъмурияти кўмак беришини айтиб ўтди.