Ўзбекистон | 17:22 / 09.06.2022
3963
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Фумио Кисида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди

9 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Фумио Кисиданинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, кўп қиррали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Етакчилар мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгани 30 йиллиги ҳамда Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик 20 йиллиги билан бир-бирини самимий қутлади.

2019 йил декабрь ойида Токио шаҳрида ўтган саммит ва олий даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиб, уларни амалий мазмун билан бойитгани қайд этилди.

Маълум қилинишича, ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда – жорий йил бошидан товар айирбошлаш кўрсаткичлари икки баробарга ошди. Япония етакчи компанияларининг иқтисодиётга тўғридан тўғри инвестициялари кўпаймоқда, иқтисодиёт юқори технологик тармоқларида кўплаб янги қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Энергетика қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, саноатда, шу жумладан машинасозлик ва кимё тармоқларида замонавий ишлаб чиқаришларни яратиш, меҳмонхоналар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича биргаликда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Пойтахтда Япониянинг биринчи рақамли университети фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбари Япония бош вазири ва ҳукуматига Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди. Япониянинг JICA агентлиги ва Халқаро ҳамкорлик банки – JABIC доирасида кўрсатилган молиявий ва молиявий-техник кўмак ҳажми 7 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳукумат делегациялари жорий йилда ўтказилган сермаҳсул учрашув ва музокараларининг натижалари юқори баҳоланди.

Етакчилар инновациялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, фан ва таълим соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинув дастурлари ва парламентлараро мулоқотни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.

Осака шаҳрида ўтказиладиган «Экспо-2025» бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистон кенг миқёсли экспозициясини ташкил этишга келишиб олинди.

Мулоқот чоғида халқаро кун тартибидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Япония бош вазири мамлакат БМТ хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлиши, Корея яриморолини ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш ва ўғирланган япон фуқароларини қайтариш масалаларида Ўзбекистон қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон президенти Япония томонини Кумамото шаҳрида Сув саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади ҳамда Япония ҳукумати раҳбари томонидан минтақада барқарор тараққиёт ва равнаққа эришиш мақсадида илгари сурилган Осиёда амалий ҳамкорлик устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бош вазир Фумио Кисида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва кенг кўламли шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини ҳамда Афғонистонда бардавом тинчлик ва иқтисодий тикланишни таъминлашга кўрсатаётган кўмагини юксак баҳолади.

«Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик бутун салоҳиятини ишга солишдан иккала томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди.

Суҳбат якунида президент Шавкат Мирзиёев бош вазир Фумио Кисидани мамлакатга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид