Блаттер ва Платини дунёдаги энг катта таъсирга эга бўлган футбол федерацияларига 2015 йилга қадар раҳбарлик қилишган, ўшанда коррупцион можаро фонида уларнинг иккиси ҳам истеъфо беришга мажбур бўлганди.
Собиқ функционерлар билан боғлиқ иш 2011 йилда Блаттер кўрсатмаси билан ўн йил муқаддам кўрсатилган маслаҳат хизмати эвазига Платинига икки миллион швейцар франки (2,08 млн доллар) ўтказиб берилгани ҳолатини ҳам ўз ичига олади.
Айбловчилар версиясига кўра, Платинига ўша вақтга қадар бу хизмати учун тўлов қилиб бўлинганди, яъни 2011 йилдаги тўлов коррупция бўлган.
Платини ҳам, Блаттер ҳам уларга қарши илгари сурилган моддалар бўйича айбловларни тан олишмаган ва тўлов оғзаки келишув бўйича амалга оширилганини айтиб келишади. Уларга беш йиллик қамоқ жазоси таҳдид қилмоқда.
«Мутлақо аминманки, қуёш порламоқда ва кайфиятим жуда яхши. Мен биламанки, қонунга қарши ҳеч қандай иш қилмаганман. Футбол менинг ҳаётим бўлган. 45 йил ФИФА билан ўтди. Футбол - менинг ҳаётим», деган Блаттер суд мажлиси бошланиши арафасида журналистлар билан суҳбатда.
УЕФАнинг собиқ раҳбари Платини ҳам ўзига ишончи юқори экани ва унга қарши айбловлар асоссизлигини айтган.
«Ишончим комилки, шунча йиллик ваҳшиёна айбловлар ва туҳматлардан кейин адолат қарор топади», деган у.
«Судда мен мутлақо ҳаққоний иш тутганимни, ФИФА менинг маошимнинг қолган қисмини тўлаб бериши керак бўлгани ва барчаси қонуний амалга оширилганини исботлаймиз», дея қўшимча қилган у.
Блаттер ва Платини билан боғлиқ коррупция можаросига қарийб ўн йил бўлмоқда, аммо уларга фақат 2021 йил охирига келиб айблов қўйилган.
Ўзларининг айтишича, Платинига тўлов у 1998-2002 йилларда ФИФАда Блаттернинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаганидаги маоши учун устама бўлган. Уларнинг иккиси ҳам бундай қўшимча тўлов бўйича ўша йиллардаёқ келишиб олишганини айтишади.
Аммо швейцариялик прокурорлар Платини бу тўловни маслаҳатчи сифатидаги фаолияти якунланганидан саккиз йил ўтганидан кейин сўраганини айтишган.
Улар бу тўлов бошқа мақсадда амалга оширилган деб ҳисоблашмоқда: 2011 йилда Зепп Блаттер ФИФА президентлигига қайта сайланганида Платини Европадаги делегатлар унга овоз беришига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, мазкур масала 2015 йилда ФИФА Этика қўмитаси томонидан қўзғатилган, бунинг натижасида Блаттер ва Платини футболга оид фаолиятдан четлатилганди.















