Kun.uz Навбаҳор тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси стоматолог шифокори Илёс Жўраев беморлардан ноқонуний равишда пул олгани ҳамда Кармана туманидаги айрим мактабларда ўқитувчиларнинг таътил пулидан умумхалқ хайрия ҳашари учун иккинчи бор 20 минг сўмдан ушлаб қолишга топшириқ берилгани ҳақида маълум қилганди. Ҳолатлар юзасидан Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Кармана тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Бошқарма муносабатига кўра, ўрганиш жараёнида стоматолог шифокор Илёс Жўраев ҳақиқатан ҳам беморга тиббий муолажа ўтказганлиги, унинг муолажаси учун зарур бўлган нур таъсирида қотувчи тиш пломбаларини хусусий клиникадан олиб келганлиги ва шу сабабли фуқародан бажарилган муолажа учун 60 минг сўм олганлиги аниқланган.
“Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 18 февралдаги 63-сонли буйруғига асосан кўп тармоқли марказий поликлиникада кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳамда дори воситалари рўйхати тасдиқланган бўлиб, стоматолог Илёс Жўраев томонидан кўрсатилган тиббий хизмат ушбу рўйхатга киритилмаган. Хусусий тиббиёт муассасасидан ишлатиш учун харид қилган сарфлов воситаларини давлат ташкилотида ишлатганлиги сабабли ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, назоратни етарлича олиб бормаганлиги туфайли бош стоматолог Ж.Мадалиевга ва туман кўп тармоқли марказий поликлиника мудири Ф.Ўсаровларга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисидаги буйруқлар имзоланиб, юридик марказга хулоса олиш учун тақдим этилди”, — дейилади расмий муносабатда.
Ҳолат такрорланмаслиги учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан 2022 йил 8 июн куни ҳудуддаги барча даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокорлик пунктлари мудирлари иштирокида видеоконференция кўринишида йиғилиш ўтказилиб, соҳа ходимлари қатъий огоҳлантирилган.
Кармана тумани ҳокимлигининг расмий муносабатида билдирилишича, кузатилган ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги, тегишли мутасаддилар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.



















