Жамият | 13:54 / 10.06.2022
11109
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда автокредит учун тўланган 1,6 млрд сўмни ўзлаштирган жиноий гуруҳ раҳбари ушланди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида автокредит учун тўланган 1,6 млрд сўм пул маблағларини ноқонуний ўзлаштирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг октябрь ойидан 2021 йилнинг апрель ойига қадар Ш.C. ўзининг 4 нафар шериги билан “LID CAR” номли МЧЖ ташкил этиб, “3 йил муддатга 15 фоизлик кредит” асосида 90 кун ичида автомашина олиб бериши ҳақида ёлғон ахборотларни Telegram ижтимоий тармоғидаги канал орқали тарқатган.

ИИВ Киберхавфсизлик маркази маълумотига кўра, у фуқароларни алдаб, уларнинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб келган.

Уюшган гуруҳ дастлаб фаолиятини Тошкент шаҳрида, сўнг Қашқадарё ва Андижон вилоятларида олиб бориб, 100 нафарга яқин фуқаронинг жами 1,6 млрд сўм пулларини ноқонуний равишда қўлга киритган.

Уюшган гуруҳнинг жиноий фаолияти юзасидан Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Бироқ, уюшган жиноий гуруҳ ташкилотчиси, 1990 йилда туғилган Ш.C. терговдан бўйин товлаб, жавобгарликдан қутулиш мақсадида яширингани сабабли халқаро қидирувга берилган.

Билдирилишича, жорий йил 8 июнь куни ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, 2021 йилнинг ноябрь ойидан буён қидирувда бўлган Ш.С. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳудудида хонадонларда яшириниб яшаб келаётгани аниқланиб, қўлга олинган ва тергов органига топширилган.

 

Мавзуга оид