13 июн куни Тошкентда Фаол фуқаролар ҳафталиги иш бошлади. Ҳафталик беш кун мобайнида уч мингдан зиёд иштирокчилар — нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва ташкилотлар, маҳаллий бошқарув органлари, экспертлар, фаол фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини битта мулоқот майдонига жамлайди.

Мақсад — 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш.

Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасида форум, конференция, давра суҳбати, мунозара, телемуҳокама, тренинг, марафон шаклидаги 30 дан зиёд тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, “Жамоатчилик иштирокининг инновацион усуллари” форуми, “Яшил” иқтисодиёт ва инновациялар – барқарор ривожланиш драйвери” мавзусида экологик форум, “Орамиздаги қаҳрамонлар” лойиҳаси доирасида тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Фаол фуқаролар ҳафталигини ўтказиш зарурати нимада? Экспертларнинг эътирофича, Ўзбекистоннинг сиёсий қиёфаси янгиланиши билан бирга, одамларнинг ҳам, фуқаролик жамиятининг ҳам дунёқараши ўзгармоқда. Бугун ислоҳотлар самарадорлигини оширишда, тараққиёт дастурларини ҳаётга татбиқ қилишда ва қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришда фуқаролик жамияти институтлари катта салоҳиятга эга.

Фуқаролик жамияти институтлари, биринчи навбатда, фуқароларнинг турли тоифалари манфаатларини ифодалайди, шу боисдан турли даражадаги муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларини қамраб олишга ёрдам беради.

Иккинчидан, улар жамоатчилик назоратининг субъектлари сифатида давлат секторида шаффофликни ҳамда давлат дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширишда мувозанат тизимини таъминлайди.

Учинчидан, фуқаролик жамияти институтлари ҳудудларнинг ўзига хослиги ва аҳолининг салоҳиятини инобатга олган ҳолда долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича инновацион ғоялар ва амалиётларни таклиф этиши мумкин.

Муҳим қарорлар ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фуқароларни жалб қилиш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган демократик ислоҳотлар – биз учун ягона тўғри йўлдир, жамиятнинг ўзи эса мамлакатдаги ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисидир, деган тамойилнинг тасдиғидир.